ЎзА Ўзбек

01.08.2018 12:37 Чоп этиш версияси

Гавҳар Зокирова Президент билан учрашувдаги бир ҳолат сира ёдидан чиқмаслигини айтди

Гавҳар Зокирова Президент билан учрашувдаги бир ҳолат сира ёдидан чиқмаслигини айтди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ижодкор зиёлилар билан бўлган учрашувига ҳам бир йил бўлди. Ундаги бир ҳолат сира ёдимдан чиқмайди...

Учрашувдаги муҳим воқеа. Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нурнинг ижодий йўналишдаги олий ўқув юртларига ёшларни қабул қилишда тест орқали қўлига қалам ушлашни билмаганлар ўқишга кириб, истеъдодлар кўчада қолаётгани ҳақидаги фикрини Президентимиз ўша ернинг ўзида ҳал этди, мен ҳам тестга қаршиман, керак эмас, деди. Натижада қобилият соҳиблари тест жараёнида эмас, ижодий имтиҳон орқали сараланмоқда.

Биз – катта авлод вакиллари фақат ижодий имтиҳонни билардик. Аммо бир неча йилдан буён фойдаланилган тест тизими кўплаб соҳаларда кадрлар тақчиллигини келтириб чиқарди. Ниҳоят, бундай самарасиз ёндашувга чек қўйилди.

Театр соҳасида ҳам катта ислоҳотлар бўлди, ҳомийлар бириктирилди. Хусусан, бизнинг Ўзбек Миллий академик драма театри жамоаси ҳам турли давлатларда бўлиб, саҳна асарларини намойиш этиб келди. Авваллари бундай ҳолат камдан-кам бўларди, боиси театрнинг моддий аҳволи буни кўтармаган.

Бундан ташқари, бошқа давлатлар театр усталари театримизда пьесаларини намойиш эта бошлади. Қозоғистонлик ижодкорлар иштирокидаги Чингиз Айтматов қаламига мансуб “Оқ кема” асари премьераси шулар жумласидандир.

Ёш режиссёримиз Асқар Холмўминов эса бу асарни Қашқадарё театрида саҳналаштирди. Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов воҳада бир ой яшаб, Мўмин чол образини ўйнади. Пойтахт ва вилоят театрлари ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйди. Аслида шунинг ўзи оламшумул янгиликдир.

Хизмат сафари билан вилоятларда бўламиз. Одамлар билан суҳбат чоғида уларнинг дунёқараши ўзгараётгани, ҳаётдан рози бўлиб яшаётганига амин бўляпмиз. Бунга шунчаки эришилмаяпти, албатта. Бунинг замирида Юртбошимиз раҳнамолигида олиб борилаётган халқчил ислоҳотлар бор. Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш – халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир“ номли Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувдаги маърузасида таъкидлаганидек: “Инсон қалбини, унинг дард-у ташвишларини, халқнинг орзу-интилишлари, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини бетакрор сўз, оҳанг ва рангларда тараннум этишни ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб биладиган сиз, муҳтарам ижод аҳлининг меҳнати нақадар машаққатли, масъулиятли ва шарафли эканини барчамиз яхши биламиз“.

Айниқса, маънавиятга, адабиётга эътибор қаратилиб, ёшларимизнинг ҳар томонлама соғлом камол топиши йўлида кўп эзгу ишлар қилинмоқда. Яқинда бир китоб тақдимоти учун вилоятга борганимизда, ҳоким йиғилган 300-400 одамга бепул китоб тарқатди. Қаранг, қандай гўзал ҳолат?

Ишонамиз, элимизда адабиёт ва санъат янада гуллаб-яшнайди. Бундай юртга эса кўкдан доимо осойишталик, бахту барака инади.

Гавҳар Зокирова, 
Ўзбекистон халқ артисти

Отабек Мирсоатов (сурат) ЎзА
12 455