ЎзА Ўзбек

19.02.2020 Чоп этиш версияси

Гаага конференцияси Устави ратификация қилиниши Ўзбекистонга нима беради?

Гаага конференцияси Устави ратификация қилиниши Ўзбекистонга нима беради?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари “Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси Уставини (Гаага, 1951 йил 31 октябрь) ратификация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини атрофлича муҳокама қилди. 
Гаага конференцияси 1893 йилда ташкил этилган бўлиб, бош қароргоҳи Нидерландиянинг Гаага шаҳрида жойлашган халқаро ҳукуматлараро ташкилот ҳисобланади. Ташкилотнинг асосий мақсади халқаро хусусий ҳуқуқ нормаларини босқичма-босқич унификация қилишга кўмаклашишдан иборат.

– Гаага конференцияси 1955 йил 15 июлда кучга кирган Устав асосида фаолият юритади, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев. – Ҳозирги кунда ташкилотга 82 давлат, шу жумладан, Европа Иттифоқи аъзо саналади. МДҲ давлатлари орасидан эса конференцияда Арманистон, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон ва Россия иштирок этади.

Депутатларимиз фикрича, Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотга аъзо бўлиши халқаро фуқаролик, оилавий ва хусусий ҳуқуқнинг унификацияси жараёнида мамлакатнинг иштирокини ва замонавий стандартларни ҳисобга олган ҳолда, ҳуқуқий соҳани янада ривожлантиришни ҳамда чет элда яшовчи фуқароларнинг ҳуқуқ-манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлашга хизмат қилади. 
Шунингдек, мамлакатнинг халқаро ҳамжамиятга янада интеграциялашувини чуқурлаштиришга кўмаклашиш, халқаро фуқаролик, оилавий ва тижорат ҳуқуқининг ривожланиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда, ҳуқуқ соҳасида замонавий стандартларни татбиқ этишни тезлаштиришга кўмаклашади. Конвенцияларни амалга ошириш доирасида тақдим этиладиган техник ёрдамдан устувор фойдаланишга шароит яратади. Бундан ташқари, бу аъзолик ташкилот томонидан ишлаб чиқилаётган янги конвенциялар бўйича музокараларда бевосита қатнашиш, шу орқали мамлакатимизнинг халқаро майдондаги манфаатларини илгари суриш имкониятини кенгайтиради.

3 422
Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА