ЎзА Ўзбек

26.12.2016 14:45 Чоп этиш версияси

Гўзаллик ва эзгулик куйчиси

Ёшлар ижод саройида «Камолот»да меҳмон»да лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан «Ҳар бирингиз умрим парчаси» мавзуида онлайн мулоқот ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, адабиётшунос олимлар, таржимонлар, шоирнинг шогирдлари, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда миллий адабиётни янада ривожлантириш, ижод аҳлини қўллаб-қувватлаш, улар учун қулай ижодий муҳит ва шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг ибратли ҳаёти, бетакрор ижодий мероси миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига, халқимиз маънавиятини юксалтиришга муносиб хизмат қилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида шоирнинг сермаҳсул ижодини адабиёт ихлосмандлари, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида туркум маънавий-маърифий тадбирлар, анжуманлар ўтказилмоқда.

Тадбирда шоирнинг бадиий юксак шеър ва достонлари, драматик асарларида она юртимиз ва халқимизга, миллий қадриятларимизга меҳр ва садоқат туйғуси маҳорат билан тараннум этилганилиги таъкидланди. Унинг бетакрор ижоди миллий руҳ ва халқчиллиги, ҳаётийлиги билан адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин эгаллади.

Онлайн мулоқот давомида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан интернет тармоқлари орқали 300 дан ортиқ савол келиб тушиб, меҳмонлар томонидан уларга жавоб берилди.

Азима Қиёсова, ЎзА
3 852