Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.08.2016 15:22 Чоп этиш версияси

Фарғона шаҳрида 2011-2015 йилларда 1,5 триллион сўмлик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди

Фарғона шаҳрида 2011-2015 йилларда 1,5 триллион сўмлик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди Қисқа фурсатда бажарилган улуғвор ишлар туфайли шаҳар мутлақо янги, кўркам қиёфа касб этди.

Самолёт иллюминаторидан Ўзбекистон манзарасини кузатганмисиз? Бепоён далалари, ям-яшил қир-адирлари, боғ-роғлари, сой ва дарёлари жозибаси ҳар қандай кишини мафтун этади. Шоир айтганидек, “Ўхшаши йўқ бу гўзал бўстон...”. Ҳар бир ҳудуди ўзига хос. Энг муҳими, бу юртда инсон азиз. Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида аввало инсон учун, унинг манфаатлари учун деган олижаноб ғоя мужассам.

Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигини кенг нишонлашга қизғин ҳозирлик кўраётган халқимиз ана шу оқилона сиёсат самараларини ўтган давр мобайнида ўз ҳаёти, турмуш тарзида рўй берган улкан ўзгариш ва янгиланишлар мисолида яққол кўриб, ҳис қилиб турибди. Шаҳару қишлоқларимиз тобора замонавий қиёфа касб этиб, кўркам турар жойлар, муҳташам таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт мажмуалари, маданий-маиший бинолар, дам олиш масканлари қад ростламоқда. Боғ-роғлар, хиёбонлар барпо этилиб, йўллар жаҳон андозалари даражасига келтирилмоқда. Тинч-осуда юртда фаровон яшашимиз учун нимаики зарур бўлса, барчаси яратиб берилаётир.

Фарғона вилояти туман ва шаҳарларида ҳам Президентимиз ташаббуси билан кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, ҳудуд мутлақо янги, кўркам қиёфа касб этди.

Вилоят марказида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари фарғоналикларга бахт манзилларини кўрсатиб тургандек. Қисқа фурсатда шундай улуғвор ишлар амалга оширилишини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаган эди. Гўзал орзулар бугун ўз ижобатини топмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 15 ноябрдаги “2012-2015 йилларда Фарғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, ижтимоий ва транспорт-коммунал инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунда муҳим аҳамият касб этди.

– Вилоят марказида аниқ ҳисоб-китоб, пухта ва мукаммал лойиҳалар, замонавий шаҳарсозлик меъморчилиги анъаналари асосида бунёдкорлик ишлари бошланганида баъзи оғзига кучи етмаганлар ҳам учради, – дейди Фарғона шаҳрида яшовчи меҳнат фахрийси Ҳасанжон Пўлатов. – “Ҳаммаёқни бузиб ташлашди, шаҳар чанг-тўзон ичида қолди...”, “Ўҳ-ҳў, бундай улкан ишларни амалга ошириш учун қанча маблағ, куч-қувват керак!..” қабилида “қўштирноқ” ичида гап-сўзлар ҳам бўлди. Бугун ўша гап қилганлар мум тишлаб қолди.

Мана бу рақамларга бир эътибор беринг: Фарғона шаҳрида 2011-2015 йилларда 1,5 триллион сўмлик қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Бу жараёнда автомобиль йўллари тизимини тубдан яхшилаш бўйича олиб борилган ишлар айниқса диққатга сазовордир.

Катта ҳалқа йўлининг Аэропорт кўчасида қайта қуриш ишлари якунланди. Янги барпо этилган ва узунлиги 14,2 километрлик кичик ҳалқа йўли тўлиқ реконструкция қилинди. Шаҳарнинг Аэропорт, Ал-Фарғоний, Қувасой, Алишер Навоий, Мустақиллик кўчаларида реконструкция ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилди. Сайилгоҳ, Эътиқод, Қашқар, Форобий кўчалари, Мустақиллик кўчасининг Фарғона – Водил йўналишидаги автомобиль йўлларида реконструкция ва тўлиқ таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди.

Шаҳарда янги кўприклар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича белгиланган дастур доирасида Марғилонсой каналини кесиб ўтувчи 12 ва бошқа йўллардаги 5 кўприкда 2,5 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Марғилонсой ўзанини реконструкция қилиш, икки қирғоғида ҳимоя воситалари ўрнатиш, пиёдалар йўлакчалари, ёритиш тизими барпо этиш ишлари амалга оширилди.

– Бу мақсадлар учун 20 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфлангани мамлакатимиз иқтисодий салоҳияти ва куч-қудрати нечоғли улкан эканидан далолат беради, – дейди тажрибали йўлсоз, Ўзбекистон Қаҳрамони Улуғбек Умаров. – Дунё қурилиш саноатида энг қийин ва мураккаб тармоқ бўлган кўприклар барпо этишнинг барча муҳандислик-технологик жараёнларини фақат ўзимизнинг мутахассислар бошқарди. Кўприксозликда асосан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг қурилиш маҳсулотларидан фойдаланилди.

19.JPG
  
Фарғона азалдан маданият, маърифат, адабиёт ва санъат юксак ривожланган ҳудудлардан биридир. Ҳаётбахш ўзгаришлар туфайли Фарғона шаҳрининг янги маъмурий-маданий марказлари шакллантирилди. Қувасой кўчасида минг ўринли муҳташам вилоят Театр-концерт саройи фойдаланишга топширилди.

– Вилоятимизда ўтадиган турли байрам тадбирлари, концерт дастурлари, адабиёт ва санъат намояндалари билан учрашувларга мезбонлик қилаётган ушбу кошона бунёд этилишида қатнашганимиздан жамоамиз ҳамиша фахрланади, – дейди “Олтиариқ файз бинокор” хусусий корхонаси раҳбари Бахтиёр Валломов. – Бу санъат кошонаси ҳали минглаб истеъдодли ўғил-қизларни ўз бағрида улғайтиради, юксак парвозига майдон бўлади.

Бугун ушбу масканга келган ҳамюртларимиз нафақат маданий дам олади, балки 40 гектар майдондаги 11 мингдан ортиқ табиат олами манзараларидан завқ олади, мириқиб ҳордиқ чиқаради. Ҳудуд манзарасига узукка қўйилган кўздек мос тушган каштан, дуб, акация, сосна, софора, айва, қарағай, лола дарахти каби манзарали дарахтлар баравж ривожланмоқда.

Янгидан қуриб битказилган 500 ўринли лазер-шоули амфитеатр, Алишер Навоий, Оқариқ, Қувасой, Ўзбекистон овози кўчалари кесишган жойдаги 4 ёриткичли мусиқали фавворалар юртдошларимизнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришига хизмат қилмоқда.

Ал-Фарғоний номидаги маданият ва истироҳат боғи тўлиқ реконструкция қилинди ва бу ерда болалар учун қўғирчоқ театри биноси янгидан қурилди. Сайилгоҳ ва Мустақиллик кўчалари орасидаги Болалар боғини реконструкция қилиш, замонавий аттракционлар ўрнатиш, музқаймоқ ва яхна ичимликлар шохобчаси, совғалар дўконини қуриш ишлари якунланди. Қувасой кўчасидаги собиқ Тўқимачилар боғи ўрнида болалар учун аттракционлар мажмуаси барпо этилди. Қиргули мавзесида болалар хиёбони ташкил этилди, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи қошида янги спорт мажмуаси қуриб битказилди.

“Фарғона” халқаро аэропортида ҳам кенг кўламли қурилиш- ободонлаштириш ишлари бажарилди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши маъмурий биноси мукаммал таъмирланди. Шаҳар марказидаги “777”, “Зиёрат”, “Дўстлик”, “Шарқ” меҳмонхоналари реконструкция қилинди. Қувасой, Марғиноний, Форобий, Аэропорт, Маърифат кўчаларидаги эски бинолар, собиқ “Фуран кимё бирикмалари” ва “Фарғонагазаппарат” заводлари ўрнида 70 дан зиёд кўп қаватли замонавий уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Жаҳон андозалари даражасида қад ростлаган 20 минг ўринли “Истиқлол” стадиони фарғоналик футбол мухлисларига чинакам туҳфа бўлди. Стадион ҳудудига 3,5 мингдан зиёд ноёб манзарали дарахтлар экилди, хизмат кўрсатиш мажмуалари ташкил этилди.

Шаҳарнинг муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳам замонавий тараққиёт мезонлари асосида ривожланиши таъминланди. Хусусан, электр тармоқлари тизими, моддий-техник таъминот базаси, электр тармоқлари қурилмалари ва бино иншоотлари тўлиқ таъмирланди.

Шаҳарда ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида Осиё тараққиёт банкининг имтиёзли кредити ҳисобидан 55 километр сув тармоғи реконструкция қилиниши туфайли 140 мингдан зиёд аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди. Мавжуд ичимлик суви ва оқова сув тармоқлари реконструкция қилинди ва мукаммал таъмирланди. 27 километр ичимлик суви тармоқлари янгидан ётқизилди. 8 километрлик газ қувурлари алмаштирилди. 

23.JPG

Кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолининг иссиқлик энергияси билан таъминланганлик даражасини яхшилаш учун “Иссиқлик манбаи” корхонасига қарашли “РК-3” қозонхонаси реконструкция қилинди. Экологик зарарли бўлган ва аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи саноат корхоналари шаҳардан ташқарига кўчирилгани ҳам юртдошларимизни мамнун этди.

Кенг кўламли бунёдкорлик ишлари доирасида шаҳарнинг кўкаламзорлаштирилган майдонлари 100 гектардан ошди. Шаҳарнинг марказий қисмида 30 мингдан ортиқ каштан, дуб, қрим қарағайи, япон софораси каби манзарали дарахтлар ва бутазорлар парваришланмоқда. Мустақиллик ва Ал-Фарғоний кўчаларида ландшафт архитектураси асосида Каштанзор кўчаси яратилди. Барча кўчалар, яшил майдонларда ҳудуднинг ўзига хос иқлим мўътадиллигини таъминловчи ноёб манзарали дарахтлар экилиб, гулзорлар барпо қилингани вилоят марказига янада чирой бағишлади.

Гўзал Фарғона ҳар куни янги манзаралар ичра янгиланиб бормоқда. Илгари тор йўлакларда чинор барги хазонларини кўришга кўникиб кетган кўзлар бугун яратувчиликнинг ёруғ изларидан яйрамоқда. Вилоят маркази қиёфасини тубдан ўзгартириб юборган ойдин кўчалар, муҳташам бинолар фарғоналикларнинг ғурури ва қадриятларини ўзида мужассам этгандай кўринади.

Фарғонанинг замонавий қиёфасида улуғворлик билан бирга гўзаллик, кўркамлик, муҳташамлик ўзаро уйғунлашиб кетган. Кенг ва равон кўчалар, бир-биридан мафтункор боғу хиёбонларда шаҳар аҳли ва меҳмонлари тўйиб-тўйиб нафас олади. Мухтасар айтганда, томчида қуёш акс этганидек, мустақиллик йилларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳаётбахш самаралари ҳар қадамда яққол сезилиб турибди.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
9 574