ЎзА Ўзбек

07.07.2020 Чоп этиш версияси

Гўшт ва сут маҳсулотлари етиштириш кўпаймоқда

Гўшт ва сут маҳсулотлари етиштириш кўпаймоқда

Сирдарё вилояти Сайхунобод туманидаги чорвачилик хўжаликларида 6 минг 800 бош қорамол парваришланмоқда. Шундан 3 минг 800 боши соғин сигир.

Президентимизнинг жорий йил 29 январидаги «Чорвачилик тармоғини давлат томонидан кўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» қарори ижроси доирасида «Ўзагроинспекция»нинг Сирдарё вилояти бошқармаси Сайхунобод туман бўлими ходимлари томонидан чорвачиликни ривожлантиришда аниқланган камчиликларни ваколат доирасида бартараф қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Инспекциянинг вилоят бошқармаси ва туман бўлими томонидан наслчилик хўжаликларига берилган амалий ёрдам, тавсия ва кўрсатмалар натижасида ўтган 2019 йил давомида Сайхунободдаги наслчилик хўжаликларида ҳар 100 бош сигирдан 80 бошдан, товар хўжаликларида эса 71 бошдан бузоқ, 1 бош сигирдан 3 минг 500 литрдан, шу жумладан, товар хўжаликларида 1 минг 750 литрдан сут олиш ҳамда 225 бош наслли мол етиштиришга эришилди, – дейди «Ўзагроинспекция»нинг Сирдарё вилояти бошқармаси чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш бўлими бош инспектори Д.Тошматов. – Ҳисоб-китобларга кўра тумандаги наслли моллар маҳсулдорлиги юқорилиги ҳисобига туманда ўтган 2019 йилда 7 минг 670 миллион сўмлик чорвачилик маҳсулотлари етиштирилди.

Чорвачликда наслчилик-2.jpg

Дарвоқе, туманга 2006-2018 йилларда 786 бош наслли мол келтирилган бўлса, ўтган 2019 йилнинг ўзида 9 та субъект томонидан 411 бош наслли қорамол олиб келинган. Жорий йилда чорвачиликни ривожлантириш дастурига асосан туманга яна 300 бош наслли мол олиб келиб 10 та хўжаликка наслчилик мақомини бериш белгиланган.

Украина давлатидан жорий йилнинг март ойида тумандаги «Самарқанд Сайхун ўғлони» фермер хўжалигига 32 бош, июнь ойида «Озод Фурқат Афзалбек» фермер хўжалигига 31 бош қора-ола «голштин» зотли наслли ғуножинлар олиб келинди. Шунингдек, тумандаги наслчилик хўжаликлари томонидан замонавий типдаги молхоналар қурилмоқда ва уларда аппаратда сут соғиш, сутни қайта ишлаш цехлари ҳам ташкил этилаётир.

Сайхунободдаги наслчилик хўжаликлари ҳамда наслли мол бош сонини ўсиши ҳисобига маҳсулот таннархи камаяди, маҳсулдорлик ва юқори малакали кадрларга эҳтиёж ошади. Энг муҳими янги иш ўринлари яратилади.

– Инспекциянинг Сайхунобод туман бўлими ходимлари томонидан наслчилик хўжаликларидаги қорамолларни зоотехник меъёрлар асосида озиқлантириш, парваришлаш, наслли моллар ҳисобини юритиш, зарур миқдорда озуқа экин ер майдонлари ажратилиши юзасидан амалий ёрдам ва кўрсатмалар бериб келинмоқда, – дейди инспекциянинг вилоят бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бош инспектори Ғ.Усмонов. – Бундан ташқари, наслчилик ва товар хўжаликлари ҳамда аҳоли қарамоғидаги сигир ва ғуножинларни белгиланган режалар асосида сунъий уруғлантириш, зотларни районлаштириш режасига амал қилиниши, наслли молларнинг белгиланган шакллар асосида ҳисобини юритилиши, ажратилган озуқа экин майдонларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш каби масалалар юзасидан ҳам мунтазам мониторинглар олиб борилмоқда.

Сайхунобод туманига қилган хизмат сафаримиз давомида чорвачилик соҳасини ривожлантиришга масъул бўлган барча ходимларнинг ягона мақсади чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ҳисобига бозорларда гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари нархини барқарор сақланишини таъминлаш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратишдан иборат эканлигига гувоҳ бўлдик.

2 442
А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ(сурат), ЎзА