ЎзА Ўзбек

18.07.2018 11:24 Чоп этиш версияси

ФВВ хабарномаси: жазирама иссиқдан қандай сақланиш керак?

ФВВ хабарномаси: жазирама иссиқдан қандай сақланиш керак?
Ўзбекистонга 2018 йил 19-23 июль кунлари хорижий давлат (Эрон)дан қуруқ ва жуда иссиқ ҳаво Туркманистон орқали кириб келиши ҳақида аввал хабар қилгандик.

Шу муносабат билан, ФВВ Фавқулодда вазиятларда бошқарув маркази аҳолини иссиқ об-ҳаводан сақланиш борасида тавсияларини берди. 

Жазирама иссиқнинг хавфи шундаки, инсон тана ҳарорати 37,1 Сдан кўтарилиши, ёки тана ҳароратининг 38,8 Сга кўтарилиб, инсон саломатлигига салбий таъсир этиши мумкин. Инсон тана ҳароратининг кўтарилиши тананинг қизаришига ва кучли чанқоққа олиб келади. Кейинчалик хушдан кетиш, нафас қисиши ва юрак тўхташига олиб келиши мумкин.

Жазирама иссиққа тайёргарлик чоралари

Сув захирасини яратиш учун қўшимча идишларга сув тўлдириб қўйинг. Иссиқ кунга мўлжалланган кийимларни, электр маиший ускуналарни (вентильятор, кондиционер) тайёрланг. Агар сиз қишлоқ жойларда истиқомат қилсангиз, соябон, шийпонлар, қудуқлардан, шунингдек, деразалар учун қалин пардалардан, шунингдек, ичимлик сувидан унумли фойдаланинг.

Жазирама иссиқ ҳароратдан таъсиридан сақланинг. Оч рангдаги, ҳаво ўтказувчи (иложи бўлса пахта хомашёсидан) кийим ва бош кийимлардан фойдаланинг.

Ёдда тутинки, куйган тана қисми совимайди ва терламайди. Шошмасдан ҳаракатланинг, иложи борича соя жойларда бўлишга ҳаракат қилинг. Пиво ва бошқа алкогол маҳсулотларни истеъмол қилиш тавсия этилмайди, бу организмнинг умумий ҳолатига салбий таъсир этиши мумкин. Иссиқ кунда шифокорлар билан маслаҳатлашган ҳолда, қўшимча тузли маҳсулотлар ва мева, сабзавотлардан истеъмол қилинг.

Жазирама иссиқ натижасида офтоб урганда зудлик билан соя жойларда сақланинг, тезликда душ қабул қилинг ёки шамол бор жойга ўтинг ва аста-секинлик билан кўпроқ сув истеъмол қилинг. Офтоб урушидан сақланиш мақсадида иложи борича баданингизни совутишга ҳаракат қилинг.

Жазирама иссиқ кунда ёнғин хавфи келиб чиқиши мумкинлигини ёдда тутинг.

Иссиқ кунда нима қилиш кeрак?

Кўпроқ сув ичиш. Тўғри сув ичиш тартиби организм фаолиятини яхши ишлаши ва сув-туз балансини меъёрлаштиришига қулай шароитлар туғдиради. Иссиқ кунда сув истеъмол ҳажмини кўпайтириш керак. Бунда организмнинг сув танқислигини тўлдириш учун газланган ёки нектар сув эмас, аксинча оддий ичимлик сувини истеъмол қилиш керак. Сурункали касаллиги мавжуд бўлса, шифокор тавсиясига риоя қилиш керак.

Энг иссиқ пайтда – 12:00 дан 16:00 гача кўчага чиқмаслик ва айниқса, қуёш тагида юрмасликка ҳаракат қилинг. Кунингизни шундай режалаштиринг-ки, бу вақтда ёки ишда, ёки уйда бўлинг.

Кўпроқ душ қабул қилинг. Мунтазам равишда тозаланиш баданга эффектив нафас олишга ёрдам беради. Сув хона ҳароратидай бўлиши керак. Муздек сув билан ювиниш эса тана ҳарорати кескин ўзгариши натижасида пневмония касаллигига олиб келади.

Албатта, очиқ сув ҳавзаларда чўмилиш мумкин, аммо чўмилиш таъқиқланган ҳавзаларда чўмилиш қатъиян ман этилади.

Эрталаб ва кечқурун кўпроқ ҳаракат қилинг. Бундай иссиқ кунда камҳаракатлик гипертония, юрак-томир касалликлари ва тромбоз ривожланишига олиб келади.

Озиқланиш рационини ўзгартиринг. Иссиқ кунда кўпроқ совуқ таомлар истеъмол қилинг. Ёғли сут ва гўшт маҳсулотлар истеъмол қилманг, аммо балиқ ва сабзавот маҳсулотларидан воз кечманг. Расталарда қуёш нури тушиб турган ҳамда истеъмолга яроқли муддати ўтган маҳсулотларни сотиб олмаслик керак.

Албатта, таомларни туз билан тановул ​қилинг чунки юқори ҳароратда, тананинг терлаши натижасида кўп миқдорда натрий моддаси йўқотилади.

Синтетик матодан тайёрланган кийимлар киймасликка ҳаракат қилинг.

Кепка, шляпа ёки панамалар кийишдан уялманг. Чунки офтоб ўриши асосан бош қизиганда содир бўлади.

Бундай иссиқ кунда, кондиционерсиз иложи йўқ. Аммо куни бўйи кондиционери бор бўлган хонада бўлсангиз ҳам, шундай жойлашинг-ки ундан чиқаётган совуқ ҳаво тўғридан-тўғри сизга таъсир қилмасин.

ЎзА
6 862