ЎзА Ўзбек

10.07.2018 13:01 Чоп этиш версияси

ФУТБОЛ: Уч ўйиндан иккитасини бошқарган ҳакамлар ҳакамликдан вақтинчаликка четлатилди

ФУТБОЛ: Уч ўйиндан иккитасини бошқарган ҳакамлар ҳакамликдан вақтинчаликка четлатилди
Кеча, Pepsi Суперлиганинг 16-тур доирасидаги сўнгги уч ўйини ўтказилди. Унда мезбонларнинг битта ва меҳмонларнинг иккита ғалабаси кузатилди. Эътиборли жиҳати, уч ўйинни бошқарган уч ҳакамдан иккитаси ЎФА Ҳакамлар ва назоратчилар бошқармаси қарорига кўра номаълум муддатларга ҳакамликдан четлатилди.

“Қизилқум”ни ўз майдонида қабул қилган “Бунёдкор” учрашув бошлангач саккиз дақиқа ўтиб ва учрашув якунига яна саккиз дақиқа қолганида киритилган голлар эвазига навоийликлар устидан ғалаба қозонди. 
“Қўқон-1912” ва “Сўғдиёна” жамоалари эса ўз мухлислари қаршисида тўп суришларига қарамай, очко йўқотишди. Қўқонликлар амалдаги чемпион “Локомотив”ни қабул қилишди. Садриддин Абдуллаевнинг узоқ масофадан, кучли зарба билан тепган тўпи дарвозага чиройли тарзда кирди. Шу тарзда ҳисоб очилди. Кўп ўтмай бош ҳакамнинг меҳмонлар дарвозасига белгилаган шубҳали пенальтисини Мурод Холмуҳаммедов бехато бажарди. Ваҳоланки, ўйин бошиданоқ қўқонликлар меҳмонлар ўйинчисига қўполлик ишлатгани учун белгиланган пенальтини "Локомотив" аъзолари амалга ошира олишмаганди. Учрашув тугашига саноқли дақиқалар қолганида эса пойтахтликларнинг етакчи вакили Сардор Рашидов икки ҳимоячи қуршовида бўлишига қарамай уларни алдаб, дарвозани нишонга олди.
“Сўғдиёна” ҳам ўз майдонида “Металлург”дан енгилди. Зоҳид Абдуллаевнинг биринчи бўлим охирларида киритган голи ягоналигича қолди ва бекободликларнинг ғалабасини таъминлади.

4b0dd398-1b57-4fa0-a29f-ac8155f045b7.jpg

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси матбуот хизматининг хабар беришича, Pepsi Суперлиганинг 16-тур ўйинларига тайин қилинган икки нафар ҳакам фаолиятидан четлаштирилди. “Сўғдиёна” - “Металлург” ўйинида ишлаган Азиз Асимов ҳамда “Қўқон-1912” - “Локомотив” учрашувини бошқариб борган Ильгиз Танташев Суперлига ҳамда Про-лига ўйинларига қўйилмайдиган бўлди. Аниқланишича, улар беллашувлар натижасига бевосита таъсир кўрсатувчи бир қанча хатоларга йўл қўйган. Баҳслар якунлангач, ҳар иккала ўйин назоратчилари ҳакамлар ҳаракатини паст баҳолаган ҳамда ўйинлар видеоёзувини кўриб чиқишни сўраб Ҳакамлар қўмитасига мурожаат қилган. Қўмита мазкур икки учрашувни таҳлил қилиб, Асимов ҳамда Танташевни номаълум муддатга сафдан чиқарган.

9daa06a8-d660-428c-9f69-73f5dd4e1d47.jpg

ЎзПФЛ матбуот хизмати яна шуни таъкидлайдики, ҳакам ва назоратчилар учун талаблар оширилган, шунингдек, ёш ҳакамлар етишиб чиқаётганидан келиб чиқиб, бу борада рақобат ўсиб бормоқда. Эндиликда ўз устида ишламаётган ёки ўйинларда жиддий хатоларга йўл қўяётган ҳакамларни алмаштириш учун имконият мавжуд. Фаолиятида танаффус юзага келаётган ҳакамлар ўз устида ишлашда давом этади. Улар ишига қайтиши учун синовлардан қайта ўтишига тўғри келади.

16-тур. 9 июль.

"ҚЎҚОН-1912" – "ЛОКОМОТИВ" - 1:2 
Голлар: Мурод Холмуҳаммедов (59-пен.) - Садриддин Абдуллаев (36), Сардор Рашидов (87).

“СЎҒДИЁНА” – “МЕТАЛЛУРГ” - 0:1
Гол: Зоҳид Абдуллаев (41).

“БУНЁДКОР” – “ҚИЗИЛҚУМ” - 2:0 
Голлар: Жавлон Иброҳимов (8-пен.), Филип Райевац (82).

16-турдан кейин турнир жадвалини ҳамон “Пахтакор” жамоаси 33 очко билан бошқариб бормоқда. Иккинчи ўринда бораётган “Бунёдкор” жамоасида 29 очко бор, учинчидаги “Навбаҳор” эса “Бунёдкор”дан атиги бир очко ортда қолмоқда. Кейинги ўринлар “Локомотив” (25 очко), “Бухоро” (25 очко), “Металлург” (23 очко), “Насаф” (19 очко), “Қизилқум” (16 очко), “Қўқон-1912” (15 очко), АГМК (14 очко) жамоаларига тегишли. Мусобақа жадвалининг аутсайдерлари эса “Сўғдиёна” (12 очко) ҳамда “Нефтчи” (7 очко) жамоалари бўлиб туришибди.

Чемпионат тўпурарлар карвонини хорижлик футболчилар бошқариб боришяпти. Исмоил Гонсалвеш (“Пахтакор”), Тиаго Безерра (“Пахтакор”) ва Элгужа Григалашвили (“Қизилқум”) ҳисобида 7 тадан тўп бор.

О.Юнусов, ЎзА
6 326