ЎзА Ўзбек

25.03.2020 Чоп этиш версияси

Футбол.​ Коронавирус​. Соғинч. «Ишонинг, биз кутган кунларга жуда оз қолди...​»

Футбол.​ Коронавирус​. Соғинч. «Ишонинг, биз кутган кунларга жуда оз қолди...​»

15 март куни миллий чемпионатимиз Суперлигаси доирасидаги учинчи турнинг сўнгги икки ўйини ўтказилгач бизнинг чемпионат ҳам мажбурий таътилга чиқди. Ваҳоланки, бу пайтга келиб миллий чемпионатимизда Про-лига, 1-лига, аёллар чемпионати каби мусобақалар ҳал бошланиб улгурмаганди. Тўғри, аёллар ўртасида футзал бўйича мамлакат чемпионати ва Кубоги мусобақалари ўтказилиб улгурилган, эркаклар ўртасидаги футзал чемпионатининг дастлабки тур ўйинлари ҳам белгиланган вақтда ташкил этилганди. Афсуски бошқасига ҳали старт берилмаганди.

16 мартдан эътиборан нафақат расмий мусобақалар, балки жамоаларнинг ўқув-машғулот йиғинлари, ҳатто оддий машғулотлари ҳам бекор қилинди.

Футболчи ва мураббийларнинг барига ўз уйларида карантин ҳолатини сақлашга изн берилди, хориждан келган футболчиларга ҳам вақтинча ўз юртларида бўлиб туришларига рухсат этилди.

Футболчиларимиз ҳам барча ватандошларимиз каби ҳукуматимиз томонидан жорий этилаётган мажбурий тартиб-қоидаларга риоя этишда давом этишаётганлигини таъкидлаш жоиз. Спортчиларимизнинг ўз уйларида ёки сокин ҳудудларда жисмоний тайёргарликларни сусайтирмай, тинимсиз ишлашаётганлигига гувоҳ бўляпмиз.

Нафақат коптоклар билан, балки турли буюмлар, айтайлик ҳожатхона қоғозларидан-да фойдаланиб, «​жанглёрлик»​ маҳоратларини намойиш этишаётганларига ижтимоий тармоқлар орқали гувоҳи бўлаяпмиз.

Кун сайин, соат ва дақиқа сайин коронавирус ҳақидаги дунё бўйлаб тарқалаётган нохуш хабарлар инсон қалбини ларзага солаётганлиги бор гап.

Бир неча кун олдин «Реал»нинг собиқ президенти Лоренсо Санс коронавирусдан вафот этди. Унинг ўғли Пако ҳам ушбу вирусни юқтириб олгани маълум бўлди.

Италиянинг машҳур «Милан» клуби директори Паоло Мальдини ҳамда унинг ўғли Даниель ҳам яқинда CОВИД-19 инфекциясини юқтириб олди. Номинг ўчгур ушбу балодан қурбон бўлган, ўлим тўшагида ётган футбол соҳаси вакиллари фақат шулар билан кифояланиб қолаётгани йўқ, яна бир нечалаб мисоллар келтириш мумкин.

Шукурки одамни хурсанд қиладиган хабарлар ҳам бор. Коронавирус ўчоғи ҳисобланган Хитойда бу бало чекина бошлади, мамлакатда аввалги тинч ҳаёт яна тикланмоқда. Дунё бу балога қарши курашни кучайтирган.

Ҳукумат касалга чалинганларни даволаш, касалликларни олдини олиш чоралари кўряпти, бу ишларда саховатли инсонлар ҳам имкон қадар ҳиссаларини қўшишга уринишяпти. Вазиятни бевосита футболга боғлайдиган бўлсак, жаҳон футболи юлдузи, Италиянинг «​Ювентус»​ жамоаси форварди Криштиану Роналду агенти Жорже Мендеш билан коронавирусга чалинган беморлар жойлашган Лиссабон ва Портудаги учта интенсив терапия бўлимига 1 миллион евродан ортиқ молиявий ёрдам кўрсатишди. Портудаги шифохонанинг янги интенсив терапия бўлимига эса миннатдорчилик сифатида Роналду ва Мендешнинг номи берилган.

Яна бир юлдуз, «Барселона» ҳужумчиси Лео Месси Аргентина ва Каталония шаҳарларидаги иккита шифохонага коронавирус пандемияси билан курашиш учун 1 милион евро хайрия қилди. Европа бўйлаб тарқалиб бораётган коронавирус пандемиясига қарши курашга «​Манчестер Сити»​ бош мураббийи Хосеп Гвардиола ҳам қўшилди. Испаниялик мутахассис шифохоналарда зарур тиббий жиҳозлар учун хайрия жамғармасига 1 миллион евро ўтказиб берди.

Хайрия эҳсон бўйича парижликлар ҳам четда қолишмаяпти. ПСЖ клуби раҳбарияти коронавирус пандемиясига қарши кураш учун 100 минг евро ажратди...

Насиб қилса бу кунлар ҳам ортда қолади. Футболчию мураббийлар, мутахассислару мухлислар яна стадионга қайтади. Унгача эса бир тану-бир жон бўлайлик. Қўлимиздан келса сахийлик қилайлик, ёрдамга муҳтожларга ёрдам берайлик. Қўлимиздан келмаса эса ота-она, ёру фарзандлар даврасида ўз уйимизда тинч ўтирайлик. Шунда ҳам КОРОНАВИРУС деган аждаҳонинг енгилишига озми-кўпми ҳисса қўшган бўламиз.

Ишонинг, биз кутган кунларга жуда оз қолди...

3 297
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА