Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.08.2017 16:18 Чоп этиш версияси

Фуқаролик жамиятининг муҳим омили

Наманганда “Фуқаролик фаоллигини ошириш ва мустаҳкамлаш” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда вилоятда фаолият кўрсатаётган ННТлар, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти раҳбарлари иштирок этди.

Мамлакатимизда “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили асосида амалга оширилаётган изчил демократик ислоҳотлар юксак самаралар бермоқда. Бу ижтимоий, иқтисодий, маданий ҳаётимизда, фуқароларнинг онг ва тафаккурида юз бераётган улкан ўзгариш ва янгиланишларда ўз ифодасини топаётир.

– Меҳр-оқибат, мурувват ва саховат, айниқса, ҳашар йўли билан ўзгаларга ёрдам кўрсатиш каби азалий қадриятларимиз демократиянинг миллий кўриниши сифатида халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган юксак фазилатлардир, – дейди Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ижрочи директори О.Иззатиллаев. – Бу анъаналар мустақиллик йилларида жаҳон тамаддунига уйғун равишда янада мустаҳкамланиб, ижтимоий аҳамияти ортиб бормоқда. Мазкур тадбирда унинг бир қирраси – кўнгиллилик асосидаги фуқаролик фаоллигини кучайтириш масалалари бўйича билим ва тажриба алмашилди. Бундан кўзланган мақсад, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларининг билим ва кўникмасини ошириш, ёшларнинг фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш тизимини такомиллаштиришдир.

Бугунги кунда мамлакатимизда фуқароларнинг жамоат фаолиятидаги кўнгиллилик ҳаракати Ўзбекистон Республикасининг “Ҳомийлик тўғрисида”ги қонуни доирасида тартибга солинади. Мазкур қонуннинг 13-моддасига кўра, кўнгиллиларнинг ҳуқуқий ва қонуний манфаатлари давлат томонидан кафолатланади. Кўнгиллиларнинг ўз мақсадини эркин танлаш ва унга эришишда чекловларга йўл қўйилмайди.

Семинарда ёшларни нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, кўнгиллиларнинг уюшган ва уюшмаган қатлами билан ишлашнинг самарали механизми ва стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича муаммо ва вазифалар муҳокама қилинди. Кўнгиллиликнинг ҳуқуқий асослари ва миллий тажриба, унинг мазмун-моҳияти ва мақсади, кўнгиллиларни жалб қилиш дастурини ишлаб чиқиш, кўнгиллилар ишини режалаштириш каби мавзуларда машғулотлар ўтқазилди. Иштирокчилар томонидан кўнгиллилар фаолиятини янада кучайтириш, уларнинг ташкилий асосларини мустаҳкамлаш, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига йўналтиришнинг шакл ва механизмларини такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
2 353






Все о погоде - Pogoda.uz