ЎзА Ўзбек

06.07.2018 21:00 Чоп этиш версияси

Фуқаролик жамияти институтлари истиқболи қандай?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар Концепцияси шароитида фуқаролик жамияти институтларини ривожланишининг истиқболлари” мавзуида конференция ўтказилди.

Унда сенаторлар, депутатлар, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, экспертлар иштирок этди.

Маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда 9 мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият юритмоқда ва улар демократик қадриятларни ҳимоя қилишда муҳим омил бўлмоқда.

Конференцияда Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар Концепциясининг янги тизимни шакллантиришдаги ўрни ва роли, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги долзарб муаммоларни ҳал этишда ННТнинг фаолияти каби масалалар муҳокама қилинди.

– Юртимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришга доир 200 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси биринчи йўналишининг учинчи боби бевосита жамоатчилик бошқаруви масаласига бағишланган, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жаҳонгир Ширинов. – Бугунги тадбирда ҳам давлат органлари билан нодавлат ташкилотларнинг ижтимоий ҳамкорлигини янада кучайтириш мақсадида бир қатор таклиф ва мулоҳазалар ишлаб чиқилди.

Конференцияда мамлакатимизни ривожлантиришнинг ҳозирги даврида фуқаролик жамияти институтларининг фаоллиги сезиларли даражада ошгани қайд этилди. Шу билан бирга, нодавлат ташкилотларнинг долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ечишдаги иштироки чегараланаётгани, ижро ҳокимияти органларининг фаолияти ҳамиша ҳам очиқ ва шаффоф эмаслиги, жамоатчилик назорати механизмининг заифлиги бюрократия ва коррупциянинг турли кўринишларига олиб келиши таъкидланди.

И.Аҳатова, ЎзА
6 402