ЎзА Ўзбек

25.03.2020 Чоп этиш версияси

Фуқароларнинг коронавирус тўғрисида хабардорлик даражаси юқори эканлиги аниқланди

Фуқароларнинг коронавирус тўғрисида хабардорлик даражаси юқори эканлиги аниқланди

2019 йилнинг декабрь ойида Хитойнинг Ухан шаҳрида пайдо бўлган Сovid-19 коронавирус инфекцияси дунёнинг 170 дан ортиқ мамлакатларида тарқалди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ҳам коронавирус билан касалланган беморлар аниқланган.

Мамлакатимизда ушбу хавфли инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, оммавий тадбирлар ўтказиш бўйича чекловлар ўрнатилди, ўқувчилар ва талабалар таътилга чиқарилди, тиббиёт муассасалари махсус иш режимига ўтказилди, халқаро йўловчи ташишлар тўхтатилди,хориждан Ўзбекистонга қайтган ва касалланганлар билан алоқада бўлган фуқаролар карантинга олинди.

Мамлакатимиз раҳбарияти томонидан кўплаб ишлар амалга оширилаётган бўлсада, кўп нарса фуқароларимизнинг ўзига боғлиқ. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 18 мартида маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида қайд этганидек, “бунинг учун биринчи навбатда шифокорлар тавсияларига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидаларига ҳар биримиз ўз оиламиз, болаларимиз билан уйимизда, ишхонамизда ва борадиган жойларимизда қатъий амал қилишимиз зарур“.

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази аҳолининг коронавирус инфекцияси ва унинг тарқалиши йўллари ҳақидаги хабардорлик даражасини аниқлаш ҳамда фуқароларнинг мамлакатимизда ушбу касалликнинг тарқалишига йўл қўймаслик бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар самарадорлиги тўғрисидаги фикрини ўрганиш мақсадида аҳоли ўртасида телефон орқали сўров ўтказди.

Тадқиқот икки босқичда ўтказилди. I босқич – 2020 йилнинг 26 февралидан 2 мартгачаваII босқич 16 мартдан 20 мартгача ўтказилди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида истиқомат қилаётган 18 ёш ва ундан юқори бўлган эркаклар ва аёллар, ёшлар ва кекса авлод вакиллари иштирок этди.

Телефон орқали ўтказилган сўровда фуқароларнинг 75,4 фоизи коронавирус инфекцияси ҳақида тўлиқ хабардор экани аниқланди. Хусусан, сўровнинг ҳар бешинчи иштирокчиси “бу ҳақда эшитгани, бироқ батафсил маълумотга эга эмаслиги”ни таъкидлаган

Сўров босқичлари бўйича ўтказилган мониторинг “тўлиқ даражада хабардорман” деб жавоб берган фуқаролар сони 29,7 фоизга ошганини кўрсатди. Бу мамлакатимизда Сovid-19 коронавирус инфекцияси ҳақида кенг аҳоли қатламларига тўлиқ ва ишончли маълумотни етказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарали эканидан далолат беради. Ишончли манбалардан коронавирус тўғрисида холис ахборот олиш алоҳида аҳамиятга эга.

Шу билан бирга телефон орқали ўтказилган сўров коронавирус юқиш йўлларидан фуқаролармиз юксак даражада хабардор эканини ҳам кўрсатди. Масалан,сўровнинг аксарият қатнашчилари инфекцияни касалланган бемордан ўтишини ва вирус ҳаво томчи йўллари ёки алоқа орқали юқишини яхши билади.

Мониторинг коронавирус юқиши тўғрисидан хабардор бўлган фуқаролар сони 23,6 фоизга ошганини кўрсатди.

Телефон орқали ўтказилган сўров натижаларига кўра, телевидение коронавирус тўғрисида ахборот олишнинг асосий манбаи бўлиб қолмоқда. Сўровнинг ҳар иккинчи иштирокчиси коронавирус инфекцияси билан боғлиқ маълумотлар билан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси дастурлари орқали танишаётганини билдирган. Аҳолининг фикрича, Интернет ҳам муҳим манба ҳисобланиб,у орқали мамлакатимиз ва жаҳонда коронавирус тарқалиши, ушбу касалликдан ҳимояланиш усуллари ва унинг тарқалишини олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумотга эга бўлиш мумкин.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида коронавирус инфекцияси ҳақида етарлича маълумот тақдим этиляптими, деган саволга аксарият қатнашчилар, яъни 92 фоиз фуқаро ижобий жавоб берган.Таъкидлаш жоизки, ушбу фикрга қўшилганлар сони иккинчи босқичда 25,5 фоизга кўпайган.

Сўров фуқароларнинг 68,1 фоизи давлатимизнинг коронавирус инфекциясининг олдини олиш, аниқлаш ва тўхтатишга қаратилган чора-тадбирларига ижобий баҳо беришларини кўрсатди. Аксарият юртдошларимиз мамлакатимиз раҳбарияти томонидан Ўзбекистонда коронавируснинг тарқалишига йўл қўймасликка қаратилган ишларини ижобий баҳоламоқда.

Вилоятлар кесимида Қорақалпоғистон Республикаси (85,7 фоиз), Жиззах (81,3 фоиз), Навоий (81,3 фоиз)ва Сирдарё (76,9 фоиз) вилоятларида коронавирус инфекциясининг кириб келишини олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар фуқароларимиз томонидан юксак баҳоланган. Унда сўров иштирокчилари уларнинг вилоятида барча зарурчора- тадбирлар амалга оширилаётганини билдирган. Тошкент ва Андижон вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида паст кўрсатгичлар аниқланган.

Сўров фуқароларнинг асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларига бўлган фикрларини ҳам аниқлади.Масалан, фуқароларнинг 54 фоизи фикрича, мамлакатимизда коронавирус инфекциясига чалинган беморлар аниқлангани сабабли маҳсулотлар нархи ошган. Фуқароларнинг 38 фоизи нарх-наво ошмаганини қайд этган.

Ҳудудлар кесимида фуқароларнинг асосий озиқ- овқат маҳсулотлари нархларига оид фикрлари турлича. Бухоро ва Андижон вилоятининг ҳар иккинчи фуқароси ҳамда Наманган вилоятида истиқомат қиладиган фуқароларнинг 47,3 фоизи озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошган, деб ҳисоблайди. Сўровда озиқ-овқат маҳсулотлари ошган, деб ҳисоблайдиган фуқаролар сони Навоий, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида энг паст кўрсаткични кўрсатди.

Телефон орқали ўтказилган сўров фуқароларнинг коронавирусдан ҳимояланиш тўғрисидаги маълумотлардан хабардорлигини ҳам кўрсатди. Иштирокчиларнинг 42,1 фоизи фикрича, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш коронавирусдан ҳимояланиш ва унинг олдини олишнинг энг асосий йўли ҳисобланади. Ҳар учинчи фуқаро тиббий ниқоблардан фойдаланиш касалликдан ҳимояланишга ёрдам беради, деган фикрда бўлса, уларнинг 15,9 фоизи одамлар гавжум бўлган жойларга боришдан сақланиш лозимлигини билдирмоқда.

Сўров фуқароларнинг аксарияти (88 фоиз) ўзи ва яқинларини коронавирусдан ҳимоя қилиш учун зарур шахсий гигиена воситалари (тиббий ниқоблар)га эга эканини кўрсатди.4,3 фоиз иштирокчилар тиббий ниқоб сотиб ололмаганини, 6,3 фоиз қатнашчилар ниқобларни харид қилишни режалаштираётганини маълум қилган.

Сўров натижалари шуни кўрсатдики, иштирокчиларнинг 36,9 фоизи тиббий ниқобларни дорихоналардан харид қилган.Сўровда иштирок этган ҳар бешинчи фуқаро дорихонада тиббий ниқоб қолмагани сабабли уларни харид қилолмаганини маълум қилган. Фуқароларнинг 13,6 фоизи эса, дорихоналарга ҳам бормасдан, мустақил равишда ниқоб тикиб олган.Ҳар ўнинчи фуқаро тиббий ниқоб сотиб ололмагани ва инфекциядан ўзини ҳимоя қилиш учун уни ўзи тикиб олишга мажбур бўлганини билдирган.

Умуман олганда,сўров натижалари аксарият фуқаролар Ўзбекистонда коронавируснинг олдини олиш, аниқлаш ва унга барҳам бериш мақсадида мамлакатимиз раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган чора- тадбирларга ижобий баҳо бераётганини кўрсатди.Мониторинг коронавируснинг хавфини англаб етган ҳамда ўзи ва яқинларини ушбу инфекциядан ҳимоя қилиш усулларидан хабардор фуқаролар сони ортганини кўрсатди.

Шундай бўлсада, cўров натижалари фуқаролар, айниқса ёшларнинг коронавируснинг тарқалиши ва ундан ҳимояланиш йўллари, шахсий гигиенага риоя қилиш, аҳоли гавжум жойларга бормаслик тўғрисида хабардорлик даражасини ошириш бўйича ишларни янада давом эттириш зарурлигини кўрсатди. Махсус тушунтириш ишлари оддий ва ҳамма учун тушунарли тилда олиб борилиши керак. Барча оммавий ахборот воситаларида ўзи ва яқинларини коронавирусдан ҳимоя қилиш усуллари тўғрисидаги маълумотларни тарқатиш ниҳоятда зарур.

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази

3 364
ЎзА