Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.05.2018 09:47 Чоп этиш версияси

Фуқаролар йиғинлари ходимларига иш ҳақи тайинлаш тартиби ўзгартирилди

Фуқаролар йиғинлари ходимларига иш ҳақи тайинлаш тартиби ўзгартирилди
Бундан буён 500 нафардан кам аҳоли, лекин камида 100 оила яшайдиган бориш қийин бўлган ва тоғли туманларда ҳам ташкил этиладиган маҳаллаларнинг фуқаролар йиғинлари раиси (оқсоқол)ларига ва котибларига иш ҳақи тайинланади.

“Болали оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1996 йил 10 декабрдаги 437-сон қарорининг 2-бандига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди. 

Ушбу ҳужжатга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг юқорида номи қайд этилган 1996 йил 10 декабрдаги қарорининг 2-банди учинчи хатбошисининг иккинчи жумласи чиқариб ташланди. Яъни, “Бунда шунга амал қилинсинки, иш ҳақи (маош) ҳудудларида камида 500 оила яшайдиган маҳаллаларнинг фуқаролар йиғинлари раиси (оқсоқол)ларига ва котибларига тайинланади”, деган қоида ўз кучини йўқотди. Бу ҳақида Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар қилади.

Бу билан 500 нафардан кам аҳоли, лекин камида 100 оила яшайдиган бориш қийин бўлган ва тоғли туманларда ҳам ташкил этиладиган маҳаллаларнинг фуқаролар йиғинлари раиси (оқсоқол)ларига ва котибларига иш ҳақи тайинлашнинг ҳуқуқий механизми яратилди.

Мазкур ўзгаришлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни ташкил этиш ва бундай қўллаб-қувватлашга муҳтож оилаларни аниқлаш, болали оилаларга нафақалар тўлаш учун мўлжалланган маблағлардан белгиланган мақсадда ва самарали фойдаланишга хизмат қилади.

ЎзА
5 256