ЎзА Ўзбек

07.07.2018 15:34 Чоп этиш версияси

Фуқаролар йиғини томонидан бериладиган маълумотномалар сони қисқаради

Фуқаролар йиғини томонидан бериладиган маълумотномалар сони қисқаради
Кейинги йилларда маҳаллалардан аҳолига бериладиган маълумотнома ва бошқа тасдиқловчи ҳужжатлар бериш тартиби ҳаддан зиёд бюрократлаштирилган, баъзи ҳолларда эса уларни бериш учун ноқонуний тўлов олиш ҳоллари кузатилиб, бу фуқароларнинг асосли эътирозига сабаб бўлмоқда. Зеро, амалдаги қонунчиликда бундай маълумотномалар 51 ҳолатда берилишини кўзда тутилади.

Адлия вазирлигидан маълум қилишларича, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг маълумотномалари ва бошқа ҳужжатларини тақдим қилиш талабини бекор қилишга қаратилган Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Унда 31та норматив-ҳуқуқий ҳужжатдаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг маълумотномаларини тақдим қилиш талабини бекор қилишга қаратилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси тайёрланди. Лойиҳада қуйдаги маълумотнома ва бошқа ҳужжатларни тақдим қилиш талабини бекор қилишни назарда тутилмоқда: 

турар жойдан (прописка), шу жумладан, биргаликда;

ишсизлик (вақтинча ёки доимий);

болаларни, ёлғиз шахслар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахсларни парвариш қилиш бўйича вақт;

шахс ҳақида тавсифнома.

Шунингдек, лойиҳа билан тегишли хизматларни кўрсатиш учун зарур бўлган тасдиқловчи маълумотни тегишли маълумотлар базасини (реестрлар, рўйхатга олиш китоблари, архивлар ва х.к.) юритишга ваколатли давлат органларидан сўраш кераклиги белгилаб берилади. 
Лойиҳанинг қабул қилиниши аҳоли учун қўшимча қулайликлар яратилишини, давлат хизматларининг сифати, тезкорлиги, шаффофлиги ва очиқлигини таъминлайди. 
Ўз навбатида, маҳаллаларнинг оиланинг моддий аҳволи, аъзолари (қариндошлик даражаси) ва бошқа ҳужжатлар (кафолат ва кафиллик хатлари, ёзма тавсиялар ва илтимосномалар) бериш ҳуқуқи сақланиб қолади. Бунда ушбу ҳаракатлар халққа энг яқин тузилма ҳисобланган ўзини ўзи бошқариш органлари вазифаларига тўлиқ мос келиши ҳисобга олинди. 

Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва марказлашган маълумотлар базаси (архивлар, реестрлар ва ҳ.к)ни ташкил қилиш натижасида бундан кейин маҳаллалардан маълумотнома олишга бўлган эҳтиёж кисқариб бораверади.

ЎзА
8 652