Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.04.2017 17:15 Чоп этиш версияси

Фуқаролар ҳуқуқлари ҳимояси кучайтирилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг яқинда бўлиб ўтган тўққизинчи ялпи мажлисида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишга оид қатор масалалар кўриб чиқилди. “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳам маъқулланди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йил 29 мартда имзолаган мазкур қонун шу йил 1 апрелдан кучга кирди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан янги қонуннинг мазмун-моҳияти ва ижроси билан боғлиқ масалаларга бағишланган семинар ташкил этилди. Унда Олий суд судьялари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан бир қаторда видеоконференцалоқа тизими орқали Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари судьялари, ходимлари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилгани ва қабул қилингани қайд этилди.

– Кучга кирган янги қонун суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштиришга ва эркинлаштиришга қаратилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Олимжон Ҳайитов. –Қонун асосида бажариладиган ишлар суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари фаолиятининг самарадорлигини янада яхшилашга, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини оширишга, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Жиноят-ижроия кодексларига, “Судлар тўғрисида”ги ва “Прокуратура тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жиноий жазолар тизимига озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган енгилроқ жазо тури – “мажбурий жамоат ишлари” киритилди. Жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни қамоқда сақлаш муддати 72 соатдан 48 соатгача, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, шунингдек, дастлабки тергов муддатлари 12 ойдан 7 ойгача қисқартирилди.

Бундан ташқари, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйишга ва мурдани эксгумация қилишга санкциялар бериш ҳуқуқи прокуратурадан судларга ўтказилди. Шундай қилиб, суд иши юритувида “Хабеас корпус” институтини қўллаш соҳаси кенгайтирилди. Жиноят жараёнида суд назорати роли ва аҳамияти кучайтирилди. Қонунга мувофиқ судларга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашни рад этишда муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш ҳуқуқи берилди. Бунда суд томонидан қўшимча тергов ўтказиш учун жиноят ишини қайтариш институти бутунлай бекор қилинди. Суд текшируви жараёнида камчиликларни тўлдириш механизмлари қонун билан мустаҳкамлаб қўйилди. Қонунда фуқаролик ишлари бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддати 3 йилдан 1 йилга қисқартирилди.

Қонун билан вилоят даражасидаги жиноий ва фуқаролик ишларини судлар томонидан кўриб чиқиш институтини бекор қилишни, назорат тартибида протест келтириш бўйича судларнинг тегишли раислари ва прокурорлари ваколатларини истисно этишни назарда тутувчи тегишли тузатишлар киритилди. Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Раёсатининг ишларни назорат тартибида кўриб чиқишга доир бир-бирини такрорловчи ваколатлари бекор қилинди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
3 749






Все о погоде - Pogoda.uz