Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.05.2017 20:13 Чоп этиш версияси

Ўзбекистондаги аксарият фуқаролар аҳоли билан фаол ва очиқ мулоқот қилиш бўйича янги тизимни қўллаб-қувватлайди

"Ижтимоий фикр" жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури ижроси доирасида навбатдаги сўровни ўтказди. Сўров иштирокчиларининг фикрича, ҳокимият ва хўжалик бошқаруви органлари вакиллари фуқароларнинг мурожаатларини диққат билан ўрганмоқда, уларнинг фаолиятига бўлган ишонч ортмоқда.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилган ушбу сўровда аҳолининг турли ижтимоий гуруҳлари – 18 ва ундан катта ёшдаги эркаклар ва аёллар, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси, турли этник гуруҳлар ва конфессиялар вакиллари қатнашди.

Тадқиқот давомида иштирокчиларнинг аксарияти (84,3 фоизи) давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган аҳоли билан фаол ва очиқ мулоқот қилиш бўйича янги тизимнинг Халқ қабулхоналари институти кўринишидаги янги шаклини қўллаб-қувватлаши ва маъқуллашини кўрсатди.

Олинган маълумотларга кўра, сўровда қатнашганларнинг 34,6 фоизи сўнгги вақтда давлат ҳокимияти органлари ёки хўжалик бошқаруви идораларига ўз муаммоларини ҳал этиш бўйича мурожаат қилган. Уларнинг ярмидан ортиғи ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ёки таъминлашни сўраган. Бу эса аҳоли ушбу тузилмаларни муаммоларни ҳал этишга қодир органлар, деб билишидан далолат беради. Сўров иштирокчиларининг 28 фоизи маҳаллалар, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат органлари, пенсия жамғармаси, ижтимоий таъминот бўлимлари, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларидан ёрдам сўраган.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, фуқароларнинг 32,4 фоизи коммунал соҳа ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, электр энергияси, ичимлик сув, газ ва иссиқликни ўз вақтида бериш билан боғлиқ масалаларни долзарб деб ҳисоблайди. Фуқаролар давлат ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органларига пенсия ва нафақаларни ўз вақтида тўлаш, ердан фойдаланиш, банк кредитлари, сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш, чиқарилган суд қарорларидан норозилиги билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳам мурожаат қилган.

Сўров давомида олинган натижалар шундан далолат берадики, иштирокчиларнинг ярмидан кўпи – 61,4 фоизи давлат ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органларига ёзма аризалар, Халқ қабулхоналари орқали мурожаат қилган бўлса, 16,7 фоизи gov.uz Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан фойдаланган, 13,1 фоизи эса ариза ёки шикоятларини бевосита ташкилотлар, вазирлик ва идоралар сайтларига юборган.

Фуқароларнинг 75,4 фоизи давлат ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органларига ариза, ҳар бешинчи иштирокчи шикоят билан мурожаат қилган. Сўров давомида 82,1 фоиз иштирокчи мурожаатларни кўриб чиқишда ташкилот раҳбари ёки унинг ўринбосари уларни қийнаётган масалалар бўйича шахсан суҳбатлашганини айтган.

Давлат ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органларига мурожаат қилган иштирокчиларнинг 53,9 фоизи аризаси бўйича жавобларни қонунда белгиланган ўн беш кун ичида олганини, 13,3 фоизи эса жавоб бир ойда келганини қайд этган. Қонунчиликда бундай ҳолатларга шикоят ёки аризани кўриб чиқиш учун қўшимча текширувлар ўтказиш зарур бўлганда йўл қўйилади. 67,8 фоиз иштирокчининг фикрига кўра, улар мурожаат қилган давлат ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари юзага келган муаммоларни ҳал этиш учун аниқ чоралар кўрган. Тадқиқот жараёнида сўровда қатнашган ҳар иккинчи иштирокчи мурожаат натижасидан қониқиш ҳосил қилган бўлса, ҳар бешинчи иштирокчи (20 фоиздан ортиғи) қисман қаноатлангани, 5-10 фоизи жавобдан қониқмаганини билдирган.

Мухтасар айтганда, ижтимоий сўров Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган фуқаролар билан фаол ва очиқ мулоқот қилишнинг янги тизими, Халқ қабулхоналари ижтимоий адолат қарор топиши ва мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш борасидаги стратегик мақсадларга эришишга хизмат қилаётганидан далолатдир.

"Ижтимоий фикр" маркази
материаллари асосида 

Аблай Камолов, ЎзА
5 292






Все о погоде - Pogoda.uz