Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

02.08.2018 20:35 Чоп этиш версияси

Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади...

Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади... Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги матбуот анжумани ўтказди. Унда агентлик амалга оширган ишлар, соҳадаги янгиликлар ҳақида маълумот берилди.

Агентлик директори Ҳ.Тўрахўжаев ва бошқалар мамлакатимизда “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойилини амалда рўёбга чиқариш халқ ишончини қозонишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Қайд этилганидек, ўтган йили Агентлик марказлари орқали тадбиркорларга 120 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган. Жорий йилнинг 6 ойи давомида хизмат турлари кенгайиши ҳисобига фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатилган давлат хизматлари сони қарийб 1 миллион 200 мингга етган. Шундан электрон рақамли имзо сертификатларини бериш – 417 минг, болаларни мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш – 282 минг, тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш – 146 мингтани ташкил этган.

2018 йилнинг 1 январидан тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатувчи “ягона дарча” марказлари Президентнинг туман ва шаҳарлардаги Халқ қабулхоналари ҳузурида фаолият юритувчи Давлат хизматлари марказларига айлантирилиб, уларнинг фаолияти тўлиқ йўлга қўйилди. Мазкур марказлар орқали жорий йилнинг биринчи апрелига қадар фақат тадбиркорлик субъектларига 37 турдаги давлат хизматлари кўрсатилди. Биринчи апрелдан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 60 турдан ортиқ хизматлар кўрсатила бошлади. Биринчи июлдан эса 100 турдаги хизматлар кўрсатилмоқда.

Давлат хизматлари марказларининг моддий-техник базасини яхшилаш, чекка ва тоғли ҳудудлардаги аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раҳбарияти ва вилоят ҳокимликлари ташаббуси билан ҳар бир туман, шаҳар Давлат хизматлари марказларига биттадан – жами 190 “Дамас” автомобили ажратилди. Шу билан бирга, Туркиянинг “ТИKА” ташкилоти билан музокаралар олиб борилиб, жами 20 махсус жиҳозланган “ИСУЗУ” русумли автобуслар грант маблағлари асосида харид қилинди. Ушбу транспорт воситалари ёрдамида олис ҳудудлардаги аҳоли учун “Мобиль давлат хизматлари” яъни, сайёр давлат хизматларини кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилди.

Тадбирда соҳада кузатилаётган қонунбузарликлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Унга кўра, аҳолига хизмат кўрсатиш жараёнини таҳлил қилишда Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан жорий йилнинг олти ойида 9829 марта қонун бузилиши ҳолати аниқланган. Уларнинг 5 минг 705 таси ҳокимлик органлари, 776 таси муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш, 538 таси қурилиш ва 47 таси кадастр идоралари фаолияти билан боғлиқ. Бу ҳолатлар юзасидан 4 мингга яқин таъсир чоралари қўлланган, 183 шахс интизомий жавобгарликка тортилган, 30 мутасадди шахс вазифасидан озод этилган, 155 киши эса маъмурий жавобгарликка тортилган.

Даврон Суннатов, ЎзА