ЎзА Ўзбек

23.12.2016 15:53 Чоп этиш версияси

Фуқаро муҳофазаси доимий эътиборда

Миллий матбуот марказида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан зилзила, сел, сув тошқини, ер кўчкиси ва бошқа табиий ҳодисалар юз берганда хавфнинг олдини олиш юзасидан аҳоли саводхонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари Ҳ.Абдулазизов ва бошқалар мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, фуқароларни фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш масалалари устувор аҳамият касб этишини таъкидлади.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, улар юз берганда тўғри ҳаракатланиш бўйича ишончли ва самарали миллий тизимнинг ташкил қилингани бунга ёрқин мисол бўла олади.

Тадбирда табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, содир бўлиши мумкин бўлган хавфни имкон қадар камайтириш, одамлар соғлиғини сақлаш, аҳолининг бундай вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш ва қарорлар қабул қилиш бўйича билимларини ошириш, атроф-муҳитга етказилиши мумкин бўлган зарар ва моддий талофатлар миқдорини камайтириш чора-тадбирлари ҳақида сўз юритилди.

Ҳар йили “Ўзгидромет” маркази ва Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг ходимлари билан биргаликда сел, сув тошқини ва кўчки хавфи мавжуд ҳудудлар бирма-бир ўрганиб чиқилмоқда. Баланд тоғли ҳудудлардаги кўлларнинг ҳолати ва қор захирасини аниқлаш мақсадида аэровизуал кузатув ишлари олиб борилмоқда.

Сув тошқини ва сел оқимининг олдини олиш мақсадида ҳар йили дарё ва сойларнинг ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда.

Тадбир давомида фавқулодда вазиятларни мониторинг ва башорат қилиш, бундай ҳолатларда аҳолининг тўғри ҳаракатланишга оид амалий кўникмаларини ошириш, фавқулодда вазиятлар хавфи мавжуд ҳудудларни ўрганиш ва камайтириш билан боғлиқ профилактик тадбирларни амалга ошириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.

Нурилло Насриев, ЎзА
4 532