ЎзА Ўзбек

08.08.2018 15:50 Чоп этиш версияси

Фуқаро МИБ ходимини пичоқлади (+видео)

Фуқаро МИБ ходимини пичоқлади (+видео)

Мажбурий ижро бюро ходимлари ўз хизмат вазифасини ўташ чоғида энергия ресурсларидан керагича фойдаланиб, пулини тўлашга келганда тажовузкор муносабатда бўлаётган фуқароларга ҳам дуч келишмоқда.


Бюронинг Андижон вилояти бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан биргина жорий йилнинг 6 ойи давомида электр ресурслари истеъмолчиларидан жами 452 млрд. сўм ундирилган. Бунинг 305 млрд. сўми электр энергияси, 132 млрд. сўми табиий газ ҳамда 15 млрд. сўми ичимлик суви ҳиссасига тўғри келади. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида фуқароларнинг энергия ресурсларини ҳамда ичимлик суви таъминоти яхшиланди. Хонадонларда электр таъминотидаги узилишлар камайди.

Жамиятдаги ўзгаришларга бефарқ бўлмаган фуқаро яхши билади-ки, сифатсиз ва яроқсиз ҳолга келиб қолган ускуналарни замонавий ва тежамкорларига алмаштириш ўз-ўзидан бўлмайди. Бироқ, истеъмолчилар орасида коммунал хизматлардан фойдаланиб, тўловига келганда оёқ тираб, устига-устак Бюро ходимлари фаолиятига жиддий қаршилик кўрсатиш, турли ҳақоратомуз сўзларни ишлатиб, ҳаттоки тан жароҳати етказиш ҳоллари ҳам учраб турибди.

Мана шундай нохуш ҳолатлардан бири жорий йилнинг 19 июль куни Мажбурий ижро бюросининг Андижон туман бўлими давлат инспектори Баҳром Ҳакимқулов билан содир бўлди. Мазкур вазиятга ҳолисона баҳо беришингиз учун воқеанинг аслида қандай кечгани хусусида сўз юритсак. Бюро ходимлари хизмат вазифаларини бажариш чоғида туманнинг “Наврўз” МФЙ Меҳнат кўчаси, 52-хонадонда яшовчи Ёдгор Охуновнинг электр энергиясидан 650 минг сўмлик қарзи борлигини аниқлашади.

Табиийки, давлат инспекторлари томонидан хонадон соҳибига мавжуд қарздорликни тўлаб қўйиши учун белгиланган тартибда талабнома расмийлаштирилади. Хонадон эгаси эса талабноманинг бир нусхасига имзо чекишдан бош тортиб, жанжал кўтаради. 650 минг сўмлик қарзини тўлаб қўйиш ўрнига давлат инспекторининг талабномани расмийлаштираётганидан фойдаланиб, ошхонасидан пичоқ кўтариб чиқиб, давлат инспекторининг қорин ҳамда бел қисмига икки марта пичоқ уради. МИБнинг шу жойда бўлган яна бир инспектори Азимов ёрдамга келади ва ҳамкасбини ҳимоя қилади.

Эндигина 27 ёшни қаршилаган Ё.Охунов оилали, 2 нафар фарзанднинг отаси. У бирор бир фойдали иш билан шуғулланмайди. Хизмат вазифасини бажараётган давлат инспекторига нисбатан содир этган тажовузи учун унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Афсуски, кундалик ҳаётимизда бу каби хунук ҳолатлар кузатилмоқда. 2018 йилнинг 1 август ҳолатига кўра, Мажбурий ижро бюросининг 96 нафар ходимига хизмат вазифасини ўташ чоғида қилинган тажовуз ҳам сўзимизни тасдиқлайди. Наҳотки, бир ҳақиқатни англаб етиш шунчалик мушкул бўлса. Ахир Бюро ходимлари томонидан ундирилган маблағлар давлат ғазнасига келиб тушади ва шунинг ҳисобига ойлик маоши, стипендия, нафақа ва бошқа харажатлар қопланади. Аслида қарздорликларни вақтида ундириш – халқ турмуш даражасини юксалтириш, аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг фаровонлигини таъминлаш мақсадини кўзлаб қилинаётган иш. Тажовузларга келсак, охир-оқибат ҳар қандай жиноятга жазо муқаррар. "Қарзни тўлаш ўрнига жанжал кўтарсам, мен билан ҳамма муроса қилади", деган хом хаёлда юрган одамлар қаттиқ янгилашадилар. Қарз барибир тўланади. Юқоридаги ҳолат эса истеъмолчиларнинг тўлов интизомига бўлган масъулиятини янада оширишга чорлаши лозим.



ЎзА
14 441