Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.02.2018 16:40 Чоп этиш версияси

Фракция фаолияти сарҳисоб қилинди

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари томонидан 2017 йилда 9 минг 17 та хонадоннинг аҳволи ўрганилиб, 1 минг 941 нафар тадбиркорлик субъекти вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Мазкур учрашув ва мулоқотлар давомида аҳоли томонидан кўтарилган олти мингдан зиёд масаланинг 22 фоиздан ортиғи фракция аъзоларининг саъй-ҳаракати билан жойида ҳал этилган.

Миллий матбуот марказида ташкил этилган матбуот анжуманида шулар ҳақида сўз борди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари Ҳ.Кетмонов фракция томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурининг ижросини таъминлаш йўналишида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берди.

Президентимизнинг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган эзгу ғояси барча даражадаги давлат бошқаруви органлари, жумладан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси фаолиятининг асосига айланган.

2017 йилда Қонунчилик палатаси депутатларининг жойларда сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш тизими жорий қилинди. Шу асосда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, жумладан, фракция аъзолари томонидан февраль-июнь ойларида мамлакатимизнинг 67 та туманидаги аҳвол ўрганилиб, таҳлил қилинди.

Депутатлар кўмагида 226 фуқаро ҳудудларда доимий ишга жойлаштирилиб, 128 фуқаронинг тиббий ва тиббий-ижтимоий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи таъминланди. 273 фуқарога тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қарийб 1,34 миллиард сўм миқдорида банк кредити ажратилиши таъминланди.

2017 йил давомида фракция аъзоларига сайловчилар томонидан беш мингга яқин мурожаат бўлган. Шундан 68 фоизи ижобий ҳал этилди. Қолган мурожаатлар тегишлилиги бўйича давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига юборилиб ижроси назоратга олинди.

Қишлоқ врачлик пунктлари ва қишлоқ оилавий поликлиникалари ҳамда туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари раҳбарларининг ҳисобот бериш тизимида фракция аъзолари ҳамда маҳаллий кенгаш депутатлари иштирок этиб, аҳолини қийнаётган масалаларни ҳал этишда ўз ҳиссаларини қўшди.

Матбуот анжуманида Халқ демократик партияси фракциясининг 2018 йилга мўлжалланган иш режаси тасдиқланганлиги айтиб ўтилди. Унда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид Давлат дастуридан келиб чиқиб, 15 та қонун лойиҳасига таклифлар шакллантириш, 3 та қонун лойиҳасини фракция ташаббуси билан Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиш режалаштирилган. Булар “Иссиқлик таъминоти тўғрисида”ги, “Давлат минимал ижтимоий стандартлари тўғрисида”ги ҳамда “Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларидир.

Анжуманда журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
5 507