ЎзА Ўзбек

19.11.2019 Чоп этиш версияси

Фракциялар давлат бюджетининг 9 ойлик ижросини кўриб чиқди

Фракциялар давлат бюджетининг 9 ойлик ижросини кўриб чиқди

Партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йил 9 ойлик ижроси тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини атрофлича муҳокама қилди.

Таъкидлаш жоизки, 2019 йилнинг 9 ойлик якунларига кўра, Давлат бюджети даромадлари 79 триллион 159,5 миллиард сўмни ташкил қилди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 46,2 фоизга ўсди. Ўз навбатида, Давлат бюджети даромадларининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 21,9 фоизни ташкил қилди.

“Миллий тикланиш“ демократик партияси фракцияси йиғилишида таъкидланганидек, партия дастурий мақсадларига уйғун тарзда белгиланган ишларни амалга ошириш учун давлат бюджетидан маблағлар ажратилишига аҳамият қаратилди. Хусусан, Маданият ва спорт соҳасига Давлат бюджетидан 2019 йилнинг 9 ойлигида йўналтирилган маблағлар миқдори 1 триллион 639,4 миллиард сўмни (ёки ижтимоий харажатларга ажратилган маблағларнинг 3,6 фоизини) ташкил этди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 78,1 фоизга ўсган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаментига маданий мерос объектларини таъмирлаш ва тиклаш учун 2019 йилга 58,9 миллиард сўм маблағ ажратиш режалаштирилган бўлиб, ҳисобот даврида бажарилган иш ҳажмидан келиб чиқиб, 30,7 миллиард сўм молиялаштириб берилган.

“Адолат“ социал-демократик партияси фракцияси йиғилишида қайд этилганидек, ҳисобот даврида таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таълим жараёни даражаси ҳамда сифатини такомиллаштиришга қаратилган таълим стандартлари ва дастурларини мукаммаллаштириш, шунингдек, тизимда фаолият олиб бораётган ходимларнинг иш ҳақини ошириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш масалаларига 2019 йилда ҳам асосий масала сифатида эътибор қаратилди. 

Умумтаълим соҳасига Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 14,2 триллион сўмни ташкил этди. Ушбу маблағлар тизимда ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, мактаб таълими тизимидаги раҳбар ва педагог ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, республиканинг чекка ҳудудларида педагоглар танқислигининг олдини олиш ҳамда бошқа масалаларга йўналтирилди.

Ушбу соҳада ислоҳотларни жадаллаштириш мақсадида, хусусан, фракция ташаббуси билан ҳукуматга “Баркамол авлод” болалар марказлари фаолиятини такомиллаштириш масаласида парламент сўрови юборилган эди. Мазкур соҳада қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Давлатимиз раҳбарининг қарорига мувофиқ, марказлар “Баркамол авлод” болалар мактаблари этиб қайта ташкил этилди, ходимлар иш ҳақи масаласи сезиларли оширилишига эришилгани фракциянинг бу соҳадаги амалий ишларининг натижаси, дея баҳоланди.

Фракция депутатлари томонидан бугунги кунда долзарб аҳамият касб этаётган, мактаб таълими тизимини ривожлантиришга йўналтирилаётган маблағлар сарфланмай қолаётгани танқидий кўриб чиқилди.

Шу билан бирга, кадрлар тайёрлаш соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, ҳисобот даврида 2,9 триллион сўм ёки ижтимоий соҳага ажратилган маблағларнинг 6,5 фоизи миқдорида маблағ ажратилгани ушбу тизимнинг ҳам долзарблиги намунасидир. Бу маблағлар иқтисодиёт тармоқларини малакали кадрлар билан таъминлаш ҳамда жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, халқаро стандартлар даражасига мос олий маълумотли кадрлар тайёрлашга йўналтирилди.

Депутатлар фикрича, ҳали ушбу соҳа олдида бажарилиши зарур бўлган муҳим вазифалар турибди. Айниқса, мутасаддилар томонидан олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида илмий салоҳиятни ошириш ҳамда докторантура ва магистратурага қабул квотасини кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 45 триллион 970,9 миллиард сўм ёки умумий харажатларнинг 53,2 фоизи миқдорида маблағ сарфлангани таъкидланди.

Бу харажатлар ЯИМга нисбатан 12,7 фоизни ташкил этди. Ушбу харажатларнинг 93,3 фоизи ёки 42 триллион 881,3 миллиард сўми ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувв
атлаш харажатлари ҳиссасига тўғри келди. Бу маблағларнинг 24,6 триллион сўми иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни молиялаштиришга йўналтирилди.

Ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ташкил қилган таълим тизими муассасаларини сақлаш, уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан 24 триллион 193,2 млрд. сўм маблағ ажратилди.

Президентимиз қарори билан 2019 йилда Меҳрибонлик уйлари, жисмоний ва ақлий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари ҳамда баъзи фанларга ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари айрим ходимларининг иш ҳақи ҳам иккита босқичда 2 баробарга оширилди.

Масалан, Меҳрибонлик уйи олий маълумотли тарбиячисининг ойлик иш ҳақи 2019 йил 1 мартгача устама билан бирга 1 миллион 180 минг сўмни ташкил қилган бўлса, уларнинг ойлик иш ҳақи 1 миллион 816 минг сўмни, 2019 йил 1 октябрдан эса 2 миллион 422 минг сўмга етиб, йил бошидаги иш ҳақи тўлови миқдорига нисбатан 2,1 баробарга ортди.

Худди шундай, имконияти чекланган болалар учун махсус таълим муассасаларининг олий маълумотли тарбиячиси 2019 йил 1 мартгача қўшимча устама билан ҳисобланганда 1 миллион 573 минг сўм иш ҳақи олган бўлса, 2019 йил 1 мартдан уларнинг ойлик иш ҳақи тўлови миқдори 2 миллион 422 минг сўмга, 2019 йил 1 октябрдан 2 миллион 825 минг сўмга етказилди.

Фракциялар йиғилишларида тегишли қарорлар қабул қилинди.


1 275
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА