ЎзА Ўзбек

10.07.2020 Чоп этиш версияси

Фожиадан фойда қилишга уринганларга жиноят иши қўзғатилди

Фожиадан фойда қилишга уринганларга жиноят иши қўзғатилди

Халқ бошига тушган ташвиш, фожиадан фойда қилишга уринадиганлар борлиги, таассуфки, сир эмас.

Аниқроқ айтганда, коронавирус билан боғлиқ пандемия шароитида барча чоралар вируснинг олдини олиш, касаллик юқдирган беморларни даволашга қаратилаётган шароитда ўз манфаатини ўйлаб иш юритадиган, ажратилаётган маблағларни талон-торож қилаётганлар учраб турибди.

Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, Навоий вилояти санитария ва эпидемиология осойишталик маркази масъул шахслари пандемияга қарши курашишни кучайтириш мақсадида ажратилган 509 миллион 863 минг сўмлик товар моддий бойликларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.

Ваҳолонки, уларнинг вазифаси мамлакатда карантин вақтида вилоятда санитария ва эпидемиологик осойишталикни таъминлашдир. Улар эса Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги фармони асосида ташкил қилинган Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан ажратилган маблағларни мақсадсиз сарфлаган.

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Навоий вилояти бошқармаси томонидан Навоий вилоят санитария ва эпидемиология осойишталик маркази мансабдор шахсларига ҳамда бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят ишининг тергови давомида марказ омбор мудирига 2020 йил 27 июнда ва марказ бош врачига 2020 йил 4 июлда Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 209-моддаси 2-қисми “а” банди, 205-моддаси 2-қисми “а” банди билан айблов эълон қилиниб, “қамоқ” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда, жиноят иши доирасида ҳолатга алоқадор бошқа шахсларнинг айблилик масаласи ҳал қилинмоқда.

Шунингдек, марказнинг 7 нафар мансабдор ва моддий жавобгар шахсларнинг турар жойларида тинтувлар ўтказилганда, марказ раҳбарининг хонадондан 6 дона кўп тармоқли даволаш ва 1 дона ташхис қўйиш ускуналари ҳамда марказнинг 2019 йил учун юритилган буйруқларни рўйхатга олиш китоби, хўжалик мудирининг хонадонидан 8 тўплам инфекцияга қарши махсус ҳимоя кийими ва 5 турдаги тиббий ҳимоя воситалари олинган.

Жиноят иши бўйича Навоий вилояти прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.


15 739
Н.Абдураимова, ЎзА