ЎзА Ўзбек

02.07.2020 Чоп этиш версияси

Фойдали қазилмаларни ноқонуний қазиб олиш 2 баробарга камайди

Фойдали қазилмаларни ноқонуний қазиб олиш 2 баробарга камайди

Умуммиллий бойлик – шағалдан тортиб мис, кумуш ва олтин каби нодир металларни қазиб олиш, минерал хомашё ресурсларидан оқилона фойдаланиш доим муҳим аҳамиятга эга бўлган.

Бу борада мамлакатимизда ер қаъридан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва уни муҳофаза қилиш, айниқса, сўнгги йилларда қўшимча минерал хомашё манбаларини аниқлаш мақсадида ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганиш, муҳофаза қилиш соҳасини бошқариш ва назорат қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Президентимизнинг 2018 йил 1 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Давлат геология қўмитаси ҳузурида Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси ташкил этилган эди.

Ер қаъридан оқилона фойдаланиш ва фойдали қазилма қазиб олувчиларга амалий кўмак бериш мақсадида мазкур инспекция ходимлари вилоят ҳокимликларига бириктирилган бўлиб, ўзаро ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида жорий йилда 80 га яқин тадбиркорлик субъектларининг мурожаати ижобий ҳал этилди.

Бундан ташқари, ер қаъридан оқилона фойдаланиш, фойдали қазилмаларни қазиб олишда қонунчилик талаблари бажарилиши юзасидан 60 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари билан профилактик суҳбатлар ўтказилди. Натижада, фойдали қазилмаларни ноқонуний равишда қазиб олиш ҳолатлари 2019 йилга нисбатан 2 маротабага камайди.

Инспекция томонидан прокуратура органлари билан ҳамкорликда ноқонуний равишда фойдали қазилма қазиб олишнинг олдини олиш ва бу каби ҳолатларга чек қўйиш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг олти ойида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан ҳамкорликда 12 та, жумладан, Қашқадарё вилоятида 2 та, Сурхондарё вилоятида 3 та ва Тошкент вилояти 7 та ана шундай ҳолат аниқланди. Мазкур ҳолатларда тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмасдан 326 658,5 м3 фойдали қазилмалар – тупроқ ва қум-шағал қазиб олинган.

Бундан ташқари, Бош прокуратура ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида ўтказилган тадбирда аниқланган ҳолат юзасидан 6 нафар фуқаронинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида, яъни 6 миллион 690 минг сўмдан, жами 40 миллион 140 минг сўм миқдорда жарима тайинланди. Иш бўйича ашёвий далил сифатида олинган 59 килограмм руда ва бошқа иш қуроллари мусодара қилиш учун туман маъмурий судига юборилган.

Шунингдек, Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳри ҳудудида консервацияга қўйилган шахтада жисмоний шахслар томонидан таркибида олтин маъдани бўлган руда ноқонуний қазиб олингани аниқланди. Лаборатория таҳлилига кўра, улардан ашёвий далил сифатида олинган 51 килограмм руда таркибида олтин мавжудлиги маълум бўлди. Аниқланган ҳолат юзасидан тўпланган материаллар ҳуқуқ-тартибот органларига қонун доирасида кўриб чиқиш учун юборилди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, фойдали қазилма конларидан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, келажак авлодларга мерос қолдириш ҳар бир юртдошимизнинг бурчидир.

Ж.Йўлдошев,
Бош прокуратуранинг Иқтисодий 
соҳада қонунчилик ижроси устидан 
назорат бошқармаси катта прокурори,

Ў.Жаббаров,
Давлат геология қўмитаси ҳузуридаги 
Кон-геология фаолиятни назорат қилиш 
инспекцияси бошлиғи ўринбосари.

3 556
ЎзА