Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.01.2018 15:15 Чоп этиш версияси

Фототанқид: Бозорми бу ё озор?

Фототанқид: Бозорми бу ё озор?
Тошлоқ тумани ҳокимлиги мутасаддилари диққатига

Тўкин бозор халқ фаровонлиги, ризқ-рўз бутунлиги, дастурхон тўкин-сочинлигидан нишона. Азалдан юртнинг бозорига қараб халқнинг маданияти, турмуш тарзига баҳо берилган.

Хўш, бугунги кунда Фарғона вилоятида бозорлар қай аҳволда? Сотувчи ва харидорлар учун замонавий шароит яратилгами? Савдо манзилларида санитар ҳолат қандай?

Ўтган йилларда Қўқон, Марғилон ва Фарғона шаҳарларидаги бозорлар бутунлай янги қиёфа касб этди. Кўплаб туманлардаги деҳқон бозорлари ҳам реконструкция қилинди. Айниқса, Президентимизнинг 2017 йил 27 мартдаги “2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида жойларда кенг кўламли ишлар давом эттирилмоқда.



Аммо, барча бозорлар ҳам бугунги кун талабларига жавоб беради, дейиш қийин. Масалан, Тошлоқ тумани марказида жойлашган “Деҳқон бозори” ҳамда “Файз барака” савдо комплекси туман мутасаддиларининг эътиборидан четда қолган. Бу ерда сотувчи ва харидорлар учун ҳеч қандай шароит йўқ. Сотувчилар ва ўз маҳсулотини бозорга олиб чиққан кишилар йўлакларни ўзбошимчалик билан савдо нуқтасига айлантириб олишгани йўловчилар учун қийинчиликлар туғдирмоқда.

Бу ердаги санитария ҳолати ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Савдо ва тозалик маданиятига кўзингиз тушиб, бозор ҳақидаги тасаввурингиз бир зумда ўзгаради. Бозор маъмурияти ва тегишли ташкилотларнинг ўз ишига бундай совуққонлик билан ёндашиши харидорларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётир.



“Файз барака” савдо комлексида бугунги кунда бор йўғи 28 нафар якка тадбиркор рўйхатга олинган. Аммо бу ердаги савдо хизмати кўрсатаётганлар сони анча кўп. Энг ачинарлиси, савдо шахобчаларида на банк пластик карточкаси билан ишлайдиган тўлов терминали ва на назорат касса машинаси бор. Туман давлат солиқ инспекциясининг биринчи ўринбосари Отабек Розиқов бу ҳолатни ҳеч нарса билан изоҳлай олмади. Солиқ хизмати ходимлари бу борада сансалорликка йўл қўймоқда.

Ушбу ҳар икки бозордаги ойлик тушумлар кўрсаткичи ҳам жуда паст. Ахир бу тушумлар маҳаллий бюджетга йўналтирилади-ку?! Наҳотки туман мутасаддилари буни билишмаса? Бозорларда йиғимларнинг талаб ва қонуний даражада эмаслигини амалдаги тартибларни бузиб, йўлак ёқасида савдо қилаётганлар ҳам жой учун пул тўлаётганидан билса бўлади. Бу борада мутасаддилар ўзибўларчилик қабилида иш тутса, раҳбарият лоқайдлик қилса, бозорда бошбошдоқлик, тартибсизлик авж олади.



Туман аҳлининг ҳақли саволи: Қачон бу масканда тартиб бўлади? Бозор ва савдо комплексининг даромади ошиши, янада ривожланиши учун кенг имкониятлар яратилган бир пайтда бу борадаги ишларга ҳам эътиборсизлик билан қаралаётганини қандай изоҳлаш мумкин?

Тошлоқ туман ҳокимлигидан бу борада жавоб кутиб қоламиз.






Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
30 632