ЎзА Ўзбек

31.07.2018 20:16 Чоп этиш версияси

“Фототанқид: бозорда қачон тартиб бўлади?” Учқудуқ туман ҳокимлиги мутасаддилари бунга жавоб берди

“Фототанқид: бозорда қачон тартиб бўлади?” Учқудуқ туман ҳокимлиги мутасаддилари бунга жавоб берди
Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлигининг www.uza.uz расмий веб-сайтида жорий йилнинг 20 июлида “Фототанқид: бозорда қачон тартиб бўлади?” сарлавҳаси остида эълон қилинган танқидий мақола бўйича Учқудуқ тумани ҳокимлиги қатор ишларни амалга оширганини маълум қилади. 

Учқудуқ тумани республиканинг энг чекка туманларидан бири ҳисобланиб, вилоят марказидан 350 км., туман марказидан 200 км. олисда жойлашган овуллари қўшни Қозоғистон Республикаси билан чегарадош. 

Туман ихтисослашувидан келиб-чиқиб, ҳудудда суғориладиган деҳқончилик фаолияти билан шуғулланишнинг имконияти мавжуд бўлмагани сабабли барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қўшни ҳудудлардан тадбиркорлар томонидан олиб келинади. Аҳолини арзон ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида ҳафтанинг ҳар шанба куни туман марказий бозорида ярмарка ташкил этилади. 

Бундан ташқари, туман иқлими бошқа ҳудудлардан анча фарқ қилгани боис, ҳудудда доимий шамол эсиб туради. Ушбу шамол натижасида енгил чиқиндилар (целлофан пакет, қоғоз ва бошқалар)нинг учиб келиши оқибатида бозор бурчакларида енгил чиқинди уюмлари йиғилиб қолишига сабаб бўлмоқда. Бозор маъмуриятининг эътиборсизлиги боис, ҳудудда чиқиндилар билан боғлиқ ижтимоий муаммолар келиб чиққан. 

Туман ҳокимлиги томонидан “Учқудуқ деҳқон бозори” МЧЖни ободонлаштириш масаласи алоҳида назоратга олинди. Бозорда жорий йилнинг 21 июль куни мутасадди ташкилотлар билан биргаликда “Тозалик куни” деб эълон қилинди. Бозорнинг барча ҳудудлари тозаланиб, махсус қутилардаги ташландиқлар олиб кетилди ва чиқиндихоналар доимий назоратга олиниши таъминланди.

Шунингдек, мазкур ҳолат бўйича туман ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда бозор маъмурияти қаттиқ танқид қилиниб, “Учқудуқ деҳқон бозори” МЧЖ раисига нисбатан ишда қолиш-қолмаслик масаласи кўриб чиқилди. Бозор ҳудудида етарли даражада санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинмаганлиги учун бозор маъмуриятининг масъул шахсларига интизомий жазо чораси қўлланилди. 

Шунингдек, “Тоза ҳудуд” ДУК Учқудуқ филиали ҳамда ДСЭНМ бозор ҳудудида етарли назорат ўрнатмагани боис вилоят раҳбарларига интизомий чоралар кўриш бўйича тақдимномалар киритилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2017 йил 27 мартдаги “2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида “Учқудуқ деҳқон бозори” МЧЖ 2019 йилда тўлиқ реконструкция қилиниши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда лойиҳалаштириш ишлари давом этмоқда. 

Учқудуқ тумани ҳокимлиги. 

ЎзА
4 039