ЎзА Ўзбек

25.04.2019 Чоп этиш версияси

Фотомухбиримиз танлов ғолиби бўлди

Фотомухбиримиз танлов ғолиби бўлди

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сурхондарё вилояти бўлими томонидан эълон қилинган “Наврўз Сурхондан бошланади” номли фототанлов якунланди.

Танловда вилоят оммавий ахборот воситалари ҳамда республика нашрларининг вилоятда фаолият юритаётган ўнга яқин фотомухбири ўз ижодий ишлари билан иштирок этди.

3.jpg

– Танлов ғолибларини аниқлаш учун ноодатий услубни танладик, – дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сурхондарё вилояти бўлими раиси М.Абдураҳмонов. – Танловга тақдим этилган расмларни Матбуот уйининг фойесига жойлаштириб, ҳар бир иштирокчининг исми-шарифини ўз ижодий ишлари ёнига ёпиштирилган конвертга ёзиб қўйдик. Шу йўсинда ғолибларни ҳайьат аъзолари эмас, балки ўз овозини ана шу конвертга ташлаган томошабинларнинг ўзлари саралаб берди.

4.jpg

Танловда фахрли биринчи ўринни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА)нинг Сурхондарё вилоятидаги фотомухбири Жонибек Қўзимуродов эгаллади. Иккинчи ўринга “Термиз университети” газетаси фотомухбири Низом Ҳакимов, учинчи ўринга Термиз туманидаги “Жануб қуёши” газетси фотомухбири Валмурод Жўмартов сазовор бўлди.

Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

2 210
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА