ЎзА Ўзбек

17.09.2020 Чоп этиш версияси

Форс тили ва маданияти маркази ташкил этилади

Форс тили ва маданияти маркази ташкил этилади

Aлишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов Эрон Ислом Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси маслаҳатчиси Мўхсин Пирмўхсиний билан учрашди.

Суҳбат давомида элчихона билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, биргаликда амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳаларни янада жадаллаштириш тўғрисида фикр алмашилди.

Мўхсин Пирмўхсиний университет билан ҳамкорлик яхши йўлга қўйилганини алоҳида эътироф этди. Хусусан, муассаса докторантлари ўтган йили Эрон Ислом Республикасида малака ошириб қайтишгани, форс тилини ўқитишнинг янги методларини ўзлаштириб, уларни университетда жорий этишаётгани таъкидланди.

Учрашувда томонлар университетда Форс тили ва маданияти марказини ташкил этишга келишди, мазкур олий таълим муассасасига элчихона томонидан янги компьютер жамланмалари совға қилинди.

Шунингдек, келишув доирасида ҳамкорликни янада кучайтириш мақсадида ҳар йили 4-5 нафар университет талабалари Эрон Ислом Республикасидаги малака ошириш курсларига жўнатиладиган бўлди.

6 724
ЎзА