ЎзА Ўзбек

13.07.2018 20:21 Чоп этиш версияси

Фонд маблағлари қайси мақсадларга сарфланди?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Парламент комиссияси томонидан ҳудудларда Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонуни ва Президентимизнинг 2018 йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифаларнинг жойларда бажарилишини ўрганиш мақсадида тадбирлар ташкил этилди.

Бу тадбирлар давомида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги, давлат органлари ҳузуридаги ишчи гуруҳлар, комиссиялар ва жамоатчилик маслаҳат органлари фаолиятидаги иштироки ўрганилди.

Ҳудудларда ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини мулкий, ахборот, маслаҳат, ташкилий ва ўқув-услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича ишлар ўрганиб чиқилди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан Болаларни ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси Қорақалпоғистон бўлимига марказ ташкил этиш учун “ноль” қийматда бино ва 2015 йилда 100 миллион сўм, 2017 йилда 43 миллион сўм маблағ ажратилган.

Бухоро вилоятида 2017 йилда 6 та ННТга 400 миллион сўмлик мулкий ёрдам кўрсатилган. Навоий вилоятида 2018 йилда 4 та ННТга 180 миллион сўм маблағ берилган. Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан Боёвут тумани ногиронлар жамиятига 16,5 гектар ер, Янгиер кўзи ожизлар жамиятига шаҳар ҳокимлиги биносидан 2 та хона, Хоразм вилоятида “VETERAN” жангчи-фахрий ва ногиронлар бирлашмасининг Урганч, Гурлан туманлари кенгашлари фаолияти учун бинолар ажратилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 февралдаги қарори асосида давлат бошқаруви органлари томонидан бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат ижтимоий буюртмаси бўйича маълумотлар берилди.

2018 йилда эълон қилинган давлат грантининг 3-, 4-танловлари мавзулари ва асосий йўналишлари, уларда иштирок этиш шартлари ва талаблари, грант лойиҳаларини тайёрлаш, ҳисоботларни тақдим этиш масалалари юзасидан Парламент комиссияси аъзолари томонидан маҳорат дарслари ташкил этилди.

Йиғилишда Ўзбекситон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг 2017 йил якунларига бағишланган ҳисоботи эшитилди. Ассоциация ҳамда 17 та нодавлат радиостанцияларнинг қўшма лойиҳаси ҳисобланган лойиҳа доирасида 944 та “O’zbekiston online” информацион дастури тайёрланган. Ушбу радиоэшиттиришларга ижодий гуруҳлар томонидан тайёрланган 6 минг 708 репортаж, 472 хабар, шунингдек, 1 минг 378 шу каби жанрдаги радиомаҳсулотлар жойлаштирилган.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида 150 дан ортиқ “Менинг овозим: халқ билан мулоқот” ток-шоуси, шунингдек, Ижтимоий медиа-маҳсулотлар миллий фестивали, “Озод юрт тўлқинлари”, “Журналистлар баҳори – 2017” медиа-фестиваллари ўтказилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг 2017 йил якунлари бўйича ҳисоботи эшитилди. Уюшма томонидан ОАВ ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Олтин қалам” ХII Миллий мукофоти учун халқаро танлов ўтказилган. Танловда 530 нафар журналист 9 минг 500 дан ортиқ ижодий иши билан қатнашган. Улар орасидан 18 журналист танлов ғолиби ва совриндори бўлди.

Парламент комиссияси аъзолари Ўзбекистон ногиронлар жамиятига ажратилган давлат субсидияси доирасида 2017 йилда бажарган ишлари бўйича ҳисоботни кўриб чиқиб, жамият фаолиятини ривожлантириш бўйича тегишли тавсиявий қарор қабул қилди.

Нурилло Насриев, ЎзА
6 281