Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

03.08.2018 19:28 Чоп этиш версияси

Фонд бозорида жисмоний шахсларга яратилган қулайликлар

Фонд бозорида жисмоний шахсларга яратилган қулайликлар
“Тошкент” республика фонд биржаси томонидан Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида мамлакатимизда фонд бозорини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, жисмоний шахслар учун яратилаётган қулайликлар ва тизимда жорий этилаётган янгиликлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Таъкидландики, фонд бозорини модернизация қилиш юзасидан Корея биржаси билан ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳа муваффақиятли якунига етказилди. Бунинг натижасида 2016 йилнинг август ойида юртимиз фонд бозорида Ягона дастурий-техник мажмуа ишга туширилиб, тизим фаолияти, жумладан, жисмоний шахсларга қатор қулайликлар яратилди. Янги мажмуа савдо, брокерлик, ҳисоб-китоб ва клиринг, депозитар ва назорат тизимларини ўзида бирлаштирган. Бу жараёнда қимматли қоғозлар бозорида ортиқча қоғоз-ҳужжатлар айланувига барҳам берилгани тизим ишини янада ривожлантиришда катта омил бўлди.

– Яна бир муҳим жиҳати шуки, энди жисмоний шахслар қимматли қоғозлар бозори учун мобиль илова орқали савдолашиш ва ўз ҳисобини бошқариш, мобиль тўлов тизими воситасида ҳисобни тўлдириши мумкин, – дейди “Тошкент” республика фонд биржаси таҳлилий хизмат бошлиғи Ўктам Очилов. – Ушбу тизим орқали фонд биржасида клиринг, неттинг тизимига ўтиш имконияти белгиланди. Маълумки, клиринг – қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари томонидан рўйхатдан ўтказилган қимматли қоғозларга доир битимлар бўйича ўзаро мажбуриятларни аниқлаш, аниқлаштириш ва ҳисобга олишдир. Янги тизимда инвестор бир корхонанинг акциясини сотиб олиб, уни шу заҳоти сотиши мумкин. Савдолар якуни бўйича электрон тизим орқали кун давомида савдоларда иштирок этган барча томонларнинг пул талаблари ва пул мажбуриятлари аниқлаштирилиб, ҳисоб-китоб қилинади. Неттингнинг афзаллиги эса инвесторларнинг вақт ва маблағлари тежалишига имкон яратади. 

Таъкидланганидек, 2018 йилнинг ўтган етти ойи давомида «Тошкент» республика фонд биржасида қимматли қоғозлар билан амалга оширилган умумий савдо айланмаси ҳажми 250,8 миллиард сўмни ташкил этган. Бу сўнгги беш йилнинг мазкур давридаги энг юқори кўрсаткичдир. Жорий йил бошидан буён биржа савдолари орқали 99 та акциядорлик жамиятининг 7,2 миллиард дона қимматли қоғозлари билан жами 6821 та биржа битимлари тузилган. Фонд биржасининг умумий савдо айланмасида жисмоний шахслар улуши қарийб 60 фоизгача ошган. Фонд биржасида рўйхатга олинган умумий битимлар сонининг 97,5 фоизи ёки 6644 донаси жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА