ЎзА Ўзбек

24.07.2018 18:15 Чоп этиш версияси

Фирибгар аёл жиноятларига чек қўйилди

Бугунги кунда профилактика инспекторлари давлат органлари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда жойларда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда қонунбузарликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ва қонун устуворлигини қарор топтириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратаётган бўлса-да, фуқароларни алдаб, фирибгарлик қилаётган шахслар ҳамон учрамоқда.

Айниқса, аёлларнинг фирибгарлик йўли билан жиноят содир этаётгани ачинарли ҳолдир.

Оилали, 4 нафар фарзанди бор Д.Азимова (ўзгартирилган) муқаддам судланган бўлса-да, қилмишидан тўғри хулоса чиқармай, яна фирибгарликка қўл урди. 2014 йил 18 мартда Тошкент шаҳар Олмазор туманида фуқаро А.Ж.нинг “Matiz” русумли автомашинасини савдолашиб, 9 минг долларга сотишга кўндирди. Эгасига олдиндан 4 минг доллар бериб, қолганини бир ойдан сўнг беришни айтди. Сўнг Д.Азимова автомашинани бошқа шахсга сотиб, пулни ишлатиб юборди.

У фирибгарлик қилишда давом этаверди. Шу йили 29 июнда фуқаро Э.Б.нинг “Spark” русумли автомашинасини 12 минг долларга сотиб олишга келишади. Автомашина учун олдиндан 4 минг доллар бериб, қолганини сентябрь ойигача беришини ваъда қилади. 26 июлда фуқаро К.Б.га тегишли “Nexia-1” русумли автомашинани 12 минг 600 долларга баҳолайди. Одатдагидек олдиндан 7 минг доллар бериб, қолганини бир ойдан кейин беришини айтади. Д.Азимова бу вақт давомида яна кўплаб фуқароларга келишилган пулни тўлиғича бермасдан автомашиналарни бошқа шахсга сотиб юборади.

Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор тумани суди томонидан кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида очиқ суд мажлиси ўтказилди.

Суд ишида судланувчи қилмишидан пушаймон бўлиб, барча айбига иқрор бўлди. Гувоҳларнинг кўрсатмалари эшитилди. Тўпланган далиллар яна бир бор кўздан кечирилиб, судланувчига ҳукм эълон қилинди. Д.Азимовага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан қонунда белгиланган тартибда жазо тайинланди. Судланувчидан жабрланувчиларга етказилган моддий зарар ундириладиган бўлди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
5 923