ЎзА Ўзбек

31.08.2018 19:35 Чоп этиш версияси

Фидойиликнинг юксак эътирофи

Фидойиликнинг юксак эътирофи
Наманганда Президентимизнинг шу йил 28 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат, маънавият ва маърифат ҳамда ижтимоий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ давлат мукофотлари билан тақдирланган юртдошларимизга орден, медаллар тантанали равишда топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган маросимда вилоят давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари вакиллари, меҳнат фахрийлари, ёшлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

9.jpg

Маросимда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида янада чуқурлаштирилган ҳолда амалга оширилаётган ислоҳотлар самара бераётгани, давлат ва жамият равнақи, халқ фаровонлиги, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар янги босқичга кўтарилгани таъкидланди. Юрт равнақи йўлида меҳнати сингаётган инсонлар эса ҳамиша қадр топади.

11.jpg

– Барча ютуқларимизнинг асоси мустақиллигимиз, эркимиз ўз қўлимизда эканлигида, – дейди II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирланган Наманган шаҳридаги 1-шифохона бош шифокори Т.Бойдедаев. – Ўз соҳам нуқтаи назаридан фикр юритадиган бўлсам, соғлиқни сақлаш тизимининг жадал ривожланиши, тиббий хизматнинг сифати ва самарадорлиги давр талабига мос ўсиб бормоқда. Шундай кенг имконият ва қулай шарт-шароитларда ишлаш, эл-юртга наф келтиришнинг ўзи катта мукофот. Шунга қарамай Президентимиз томонидан бизнинг камтарона меҳнатларимиз юксак мукофотга муносиб кўрилгани бизга икки ҳисса масъулият юклайди. Мен бундан ғоятда бахтиёрман. Бундай эътибор ва эътироф куч-ғайрат бағишлайди.

Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА
3 843