Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.01.2018 12:00 Чоп этиш версияси

Фидойилар чироғи ҳеч қачон ўчмайди

Фидойилар чироғи ҳеч қачон ўчмайди 2016 йилнинг октябрь ойида Когон шаҳрида яшовчи Фарҳод Одилов оиласи учун қайғули воқеа содир бўлди.

Ҳарбий учувчи, катта лейтенант Фаррух Одилов ҳалок бўлди. У эндигина 26 ёшни қаршилаган эди. Турмуш ўртоғи Сожида Саидова чақалоғи – уч ойлик Ҳумоюн билан қолди. Ёшликнинг ажиб орзулари армон ва ўкинчга айланди. 

2 (1).JPG

– Ўғлим менга ҳавас қилиб, изимдан боришга аҳд қилганида қанчалар қувонган эдим, – дейди Ҳарбий-ҳаво кучлари фахрийси, истеъфодаги майор Фарҳод Одилов. – У Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртини битириб, бортинженер вазифасида хизмат қилаётганди. Жасур ва қатъиятли эди. Тақдирга чора йўқ, дейдилар...

Юрт фидойи фарзандини унутмайди. Вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, маҳаллий давлат органлари, жамоатчилик вакиллари унинг оиласидан доимо хабардор. Байрамларда совға-салом билан йўқлаб туришади. Армонлар кўмилмайди, лекин яқинлар меҳри, эл эътибори далда бўлади, эртанги кунга умид билан қарашга куч беради.

14 январь – Ватан ҳимоячилари куни арафасида Одиловлар оиласида қувончли воқеа юз берди. Фаррухнинг умр йўлдоши Сожида Саидовага Бухоро шаҳрида мебель ва бошқа жиҳозлар билан таъминланган икки хонали квартиранинг калити топширилди. Шу муносабат билан бу ерга вилоят, Бухоро ва Когон шаҳарлари ҳокимликлари, ҳарбийлар, жамоатчилик вакиллари, қариндош-уруғлар, дўстлар йиғилди. “Уй муборак! Бу ерда шодиёналар кўп бўлсин!”, “Ҳумоюн юртига, отаси-ю бобосига муносиб фарзанд бўлсин!”, деган олий тилаклар билдирилди.

Уй тўрида Фаррухнинг сурати. Хонадоннинг чироғи ёниқ.

– Оиламизга кўрсатилган бундай эътибор ва ғамхўрлик учун, аввало, Президентимиздан, яхши одамлардан миннатдормиз, – дейди Сожида Саидова.

Ҳа, фидойи ўғлонлар хотираси доимо қалбларда. Бухорода Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги муносабати билан давлатимиз суверенитети, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва халқимиз тинчлигини таъминлашдек олижаноб вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ўғлонлар ёдига ҳурмат бажо келтирилди. Маҳаллий давлат органлари, ҳарбийлар ва жамоат ташкилотлари вакиллари улар хонадонларида бўлиб, кўнгил сўради, совға-саломлар улашди, гуллар тақдим этилди. Қўллар дуога кўтарилди: “Юртимизда доимо тинчлик бўлсин!”

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА
8 384