ЎзА Ўзбек

16.09.2020 Чоп этиш версияси

Фидойи шифокорлар - замонамиз қаҳрамонлари

Фидойи шифокорлар - замонамиз қаҳрамонлари

Коронавирус пандемияси аҳоли саломатлиги бебаҳо бойлик эканлигини дунё аҳлининг яна бир бор ёдига солди.

Тождор вируснинг оддий касаллик эмаслигини юртдошларимиз ҳам тушуниб етди. Мамлакатимизда вирусни жиловлаш борасида таъсирчан чоралар кўрилиб, инфекциядан тузалиб, шифо топганларнинг сони кўпайиб бормоқда.

Бугун туну кун вирус билан курашаётган шифокорларнинг меҳнатини барчамиз кўриб турибмиз. Айни пайтда ўз қасамёдига содиқ қолган ҳолда касаллик ўчоғида туриб, меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларининг ҳар бир куни қаҳрамонлик, ҳақиқий фидойилик намунасидир.

Шифокорлар бугун кўринмас ёв билан жангнинг энг олди қаторида мардонавор курашмоқда. Улар халқ саломатлиги йўлида бор куч ва меҳнатларини сафарбар қилиб, чинакам қаҳрамонлик билан беморлар дардига малҳам бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Дунё бўйлаб, хусусан, мамлакатимизда шифокорларнинг ўз касбига садоқати, халқимиз, ота-оналаримиз, фарзандларимиз соғлиғи йўлида туну кун қилаётган меҳнати барчамиз учун жасорат намунаси бўлмоқда”.

Шу ўринда ўз ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиб, касалликка қарши курашаётган фидойи шифокорларимизга ҳар қанча раҳмат айтсак, арзийди.

“Адолат” СДП ўз электорати бўлган тиббиёт ходимларининг ҳукук ва манфаатларини ҳимоя қилиш, улар фаолиятида енгиллик яратиш, муносибларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор бермоқда.

Жумладан, ўз ҳаёти ва соғлиғини гаровга қўйиб, пандемия билан курашаётган шифокорлар, ҳамширалар, санитар ходимлар хизматини оз бўлса-да рағбатлантириш, уларга миннатдорчилик билдириш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши ташаббуси ташкил этилган “Шифокорлар – замонамиз қаҳрамонлари” деб номланган маънавий – маърифий тадбир доирасида 98-Янгийўл сайлов округидан сайланган Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Дилрабо Халбаева, халқ депуталари Тошкент вилояти Кенгаши депутати Умид Шоумаров, Зангиота тумани Кенгаши депутатлари Нигора Халхўжаева, Дилором Мирзабоева, Севара Махмудовалар Зангиота туманидаги коронавирус пандемиясини даволашга ихтисослашган 2-сон махсус шифохонасига ташриф буюрди.

Касбий бурчини чуқур англаган, эл-юрт ва Ватан тақдирига дахлдорлигини ҳис қилган 50 нафар тиббиёт ходимига партия томонидан эсталик совғалари ва ташаккурнома топширилди.

Фотима САТТАРОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилояти Кенгаши
матбуот котиби