ЎзА Ўзбек

20.02.2015 19:47:28 Чоп этиш версияси

Фидойи меҳнат эътирофи


Пойтахтимизда босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, ахборот агентликлари ижодий ходимлари ўртасида ташкил этилган “Жамият ва мен”, “Эътироф” республика танловлари ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори А.Абдуллаев, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси И.Ҳалимбеков ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий журналистикани изчил равнақ топтириш, оммавий ахборот воситаларининг таъсирчанлигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Президентимизнинг фармонларига кўра миллий журналистикамиз ривожи йўлида фидойилик билан меҳнат қилаётган соҳа вакиллари ҳар йили Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланмоқда. Соҳа ходимларини рағбатлантириш, касб малакаси ва маҳоратини юксалтиришда турли даражадаги йигирмага яқин танлов муҳим омил бўлмоқда.

Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятини эркинлаштириш, холис ахборот тарқатиш масъулиятини янада ошириш, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнида кенг иштирок этишини таъминлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилиниши давлат ва жамият қурилишини либераллаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантиришда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Тадбирда демократик ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказишда журналист масъулияти ва унинг фаол фуқаролик позицияси, миллий қонунчиликда белгиланган ахборот олишнинг ҳуқуқий меъёрлари ва ундан фойдаланиш амалиёти, касб одоби, жамоатчиликка тезкор ва холис ахборот етказишда ихтисослашувнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Журналистлар, айниқса, ҳудудий нашрларда фаолият кўрсатаётган соҳа ходимлари замонавий ахборот воситаларининг имкониятлари, ахборот тўплаш ва уни жамоатчиликка етказишнинг ўзига хос усуллари ҳақида етарли малака ва кўникмаларга эга бўлиши лозимлиги таъкидланди.

“Жамият ва мен”, “Эътироф” республика танловлари журналистларнинг касб маҳоратини ошириш, турли соҳаларга ихтисослашувини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

“Жамият ва мен” танловига келган уч мингдан зиёд ижодий иш орасидан ижтимоий ҳаёт, иқтисодиёт, сиёсат, ҳуқуқ, илм-фан, маданият, спорт каби соҳаларга оид йўналишлар, “Янги авлод”, “Ўз замонасининг қаҳрамони” ва “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг ёритилиши” каби махсус номинациялар бўйича 23 нафар ғолиб аниқланди. “Эътироф” республика танловида йилнинг энг яхши босма ОАВ журналисти, фотомухбири, илк бор ўзини танитган оммавий ахборот воситаси каби йўналишларда ва махсус номинацияларда ғолиблар рағбатлантирилди.

– Журналистлик масъулиятли касб, – дейди “Жамият ва мен” республика танлови ғолиби, Фарғона туманининг «Водил ёғдуси» газетаси бош муҳаррири Собир Дадахўжаев. – Бугунги кунда мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари нафақат ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар кўзгусига, айни пайтда жамиятимиздаги ўзгаришлар мазмун-моҳияти ҳақида кенг жамоатчиликнинг фикрини шакллантирадиган муҳим институтга айланди. Мазкур танловлар ҳам биз журналистларга ўз маҳоратимизни синаб кўриш, тажриба алмашиш, билим ва кўникмаларимизни янада бойитиш имконини берганидан хурсандмиз.