ЎзА Ўзбек

17.10.2012 16:01 Чоп этиш версияси

Фидойи ва фаол аёллар танлови

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасида “Энг намунали Хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги маҳаллалар, ташкилот ва муассасалардаги хотин-қизлар қўмиталари бошланғич ташкилотлари раҳбарлари қатнашди.

Мамлакатимизда аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, саломатлигини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2004 йил 25 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларда муҳим дастуриламал бўлаётир.

“Мустаҳкам оила йили” Давлат дастури доирасида жамиятда “Соғлом она – соғлом бола” тамойилини кенг қарор топтириш, айниқса, ўсмир қизларнинг соғлигини яхшилаш, хотин-қизлар манфаатларини ифодаловчи жамоат ташкилотлари фаолиятини такомиллаштиришга доир ишлар янада кенг кўлам касб этди.

Шу кунларда мамлакатимиздаги маҳаллалар, ташкилот ва муассасалардаги хотин-қизлар қўмиталарида ҳисобот-сайлов конференциялари бўлиб ўтмоқда. Анжуманларда юртимиздаги қарийб 42 мингга яқин бошланғич ташкилот фаолияти атрофлича таҳлил этилиб, бажарилган ишлар сарҳисоб қилинмоқда ва галдаги вазифалар белгилаб олинмоқда.

“Энг намунали Хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти” кўрик-танловидан кўзланган асосий мақсад бошланғич ташкилотларнинг оила, оналик ва болаликни ҳимоялаш, ижтимоий аҳамиятга молик давлат дастурлари, қонунларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг оммага етказиш салоҳиятини пухта ўрганиш, илғор иш тажрибасини оммалаштиришдан иборатдир.

Танлов жараёнида олимлар, ҳуқуқшунослар, психологлар, экспертлар томонидан бошланғич хотин-қизлар ташкилотларининг яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, қизларни эрта турмушга узатишнинг олдини олиш, оилани мустаҳкамлаш, тўй ва маросимларда исрофгарчиликка йўл қўймасликда аёлларнинг фаоллигини ошириш, эҳтиёжманд оилаларга эътиборни кучайтириш, бандликни таъминлаш каби масалалардаги иштироки ўрганилди. Айни пайтда бошланғич ташкилот раҳбарларининг сиёсий билими, ташаббускорлиги, турли вазиятларда тез ва оқилона қарор қабул қилиш қобилиятига эътибор қаратилди.

– Коллежимизда 2278 нафар қиз ўқийди, – дейди Нукус шаҳридаги 1-тиббиёт коллежининг хотин-қизлар бошланғич ташкилоти раиси Замира Есемуродова. – Ташкилотимизда қизларнинг маънавий-ахлоқий дунёқарашини кенгайтириш, миллий анъана ва қадриятларимиз, оилага муносабати, кийиниш одоби, муомала маданиятини тўғри шакллантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бунда “Ораста қизлар”, “Зулфияхоним қизлари” тўгараклари, “Остонадан бошланар Ватан!” мавзуидаги давра суҳбатлари, шифокорлар, ҳуқуқшунослар иштирокидаги семинар-тренингларнинг аҳамияти ғоят катта бўлмоқда.

Танловнинг якунловчи босқичида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан 84 бошланғич хотин-қизлар ташкилоти қатнашди. Кўрик-танлов ғолиблари 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни арафасида эълон қилинади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди.


ЎзА, Назокат Усмонова
9 842