ЎзА Ўзбек

30.08.2018 22:12 Чоп этиш версияси

Фестиваль ғолиблари тақдирланди

Андижонда Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами олдидан “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида “Ёшлар чолғу ансамбллари ва оркестрлари” фестивалининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Андижон шаҳридаги Болалар шаҳарчаси, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда ёшларнинг замонавий билим олиши, хусусан, санъат соҳасида ўз истеъдод ва салоҳиятини тўлақонли намоён этиши учун кенг имкониятлар яратилгани таъкидланди.

“Ёшлар чолғу ансамбллари ва оркестрлари” фестивалида вилоятдаги мусиқа ва санъат мактаблари, умумтаълим мактабларининг чолғу ва оркестр ансамбллари жамоалари миллий чолғулар ва оркестр йўналишида катта, кичик гуруҳлар доирасида иштирок этди. Якуний натижаларга кўра, тўртта оркестр ва олтита миллий чолғулар ансамбль жамоалари ғолибликни қўлга киритди.

– Фестивалнинг миллий чолғулар йўналишида бизнинг жамоа ғолиб, деб топилди, – дейди Избоскан туманидаги 7-мусиқага ихтисослашган мактаб-интернатининг “Шодиёна” ўзбек миллий чолғулар оркестри найчиси Шуҳратбек Абдуҳалимов. – Ижромизга юқори баҳо берилганидан хурсандмиз. Ушбу муваффақият бизни янада руҳлантириб юборди. Энди бундан-да юқори натижаларга эришишни мақсад қилдик.

Тадбирда ғолиб жамоалар томонидан намойиш этилган бадиий дастур барчага байрамона кайфият улашди.

Фестиваль ғолиб ва совриндорлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Андижон вилояти кенгашининг дипломи, фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзA
3 002