ЎзА Ўзбек

17.09.2020 Чоп этиш версияси

Фермерга ер майдони қайтариб берилди

Фермерга ер майдони қайтариб берилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманидаги Халқ қабулхонаси томонидан тумандаги «Реймберген берекет» фермер хўжалиги иш юритувчиси Раҳима Реймованинг 2014 йилдан буён юритиб келган 19,2 гектар ер майдони олиб қўйилганлигидан норози бўлиб ёзган мурожаати ижобий ҳал этилди.

Мамлакатимизда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқда аҳоли бандлиги ва фаровонлигини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Аммо, жойларда фермер хўжаликлари фаолиятига ноқонуний аралашиш, улардан ер майдонини олиб қўйиш каби салбий ҳолатларнинг учраётгани бугун ҳеч кимга сир эмас.

– Фермер хўжалигимиз 2014 йилда ташкил этилган бўлиб, Нукус шаҳар аҳолисини арзон нархларда сабзавот ва полиз маҳсулотлари билан таъминлаб келяпмиз, – дейди мурожаат эгаси Раҳима Реймова. – 2018 йилнинг охирида туман ҳокимлигидан бир гуруҳ мутахассислар келиб, фермер хўжаликлари мақбуллаштирилмоқда, шунинг учун сизнинг ер майдонингиз бошқа фермер хўжалигига қўшиб берилади деди. 

Биз фойдаланиб келаётган еримиздан айрилиб қолмаслик мақсадида яқин қариндошимиз раҳбарлик қиладиган “Рейим Прен” фермер хўжалигига қўшиб беришини илтимос қилдик. Мутахассислар бунинг учун биздан ер майдонимизни туман захира ер фонди ҳисобига қайтариш бўйича ариза ёзиб берасиз, кейин “Рейим Прен” фермер хўжалигига қўшиласиз деб, ариза ёздириб олди.

Мана шундан бошлаб югура-югур бошланди. Деярли бир ярим йил турли идораларга бориб, овора-ю-сарсон бўлдик. Кейин билишимизча, бизга тегишли ер майдони туман ҳокимининг хизмат автомашинаси ҳайдовчиси номидаги “Хўжа” фермер хўжалигига, кейин “Тўмарис универсал сервис” масъулияти чекланган жамиятига берилгани маълум бўлди. Биз турли идораларга мурожаат қилдик. Шундан сўнг мазкур ер майдони туман захира фонди ҳисобига қайтарилган.

Энг сўнги умидимиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманидаги Халқ қабулхонасига мурожаат этдик. Ушбу мурожаатимиз туманга тайинланган янги ҳоким ва туман прокурори томонидан ҳар томонлама ўрганиб чиқилди. Натижада ижобий ҳал этилиб, туман ҳокимининг жорий йил 16 июльдаги қарори билан фермер хўжалигимиз қайта тикланди ва олиб қўйилган 19,2 гектар ер майдони қайтариб берилди.

–Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жойларда ташкил этилган Халқ қабулхоналари фермерлар, тадбиркорлар ва аҳолининг ҳақиқий таянчига айланмоқда,–дейди фермер хўжалиги раҳбари Есназар Реймов. – Бундай ғамхўрлик учун Президентимизга миннатдорлик билдирамиз. 

Ерларимиз қайтариб берилиб, фермер хўжалигимиз қайта тиклангани туфайли оила аъзоларимиз катта хурсандчилик билан меҳнат қилмоқда. Келажакда юртимиз равнақи, аҳоли фаровонлигига ўз ҳиссамизни қўшган ҳолда, сабзавот ва полиз маҳсулотларини етиштиришдан ташқари, чорвачилик, балиқчиликни, экотуризмни ҳам йўлга қўймоқчимиз. Бунинг учун имкониятимиз етарли.

1 565
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА