Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.02.2018 13:30 Чоп этиш версияси

Фермер замонавий иссиқхона қурди

Фермер замонавий иссиқхона қурди Фарғона вилоятида илғор ва инновацион технологиялар асосида кўплаб иссиқхоналар фаолият юритиб, уларда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қиш ва баҳор мавсумида аҳоли дастурхонига тортиқ қилинмоқда. Эътиборлиси, кўп тармоқли фермер хўжаликлари томонидан мазкур йўналишда истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Фарғона туманидаги “Растислава” фермер хўжалигида ташкил этилган замонавий иссиқхона шулардан бири. Салкам 1 гектар майдондаги иссиқхонада етиштирилаётган бодринг ва помидор ҳосилини кўриб, кўзингиз қувнайди.

7.JPG

– Биз бу иссиқхонани ташкил қилишда илғор ва инновацион технологияларга асосландик, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Юлия Ғаниева. – Голландиядан серҳосил помидор ва бодринг навлари келтирдик. Айни кунларда бу маҳсулотлар гидропоника усулида, яъни кокос пўстлоғида етиштирилмоқда. Бу ердаги барча жараён тўлиқ автоматлаштирилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, оддий усулда етиштирилаётган помидор кўчатларидан 2,5-3 килограмм ҳосил олинса, гидропоника усулида ҳосилдорлик 10-12 килограммгача етади. Экинларнинг пишиб етилиши 20-30 кунга қисқариб, ҳосил олиш даври 50-60 кунга узаяди.

9.JPG

Иссиқхона Исроил, Ҳиндистон каби давлатлардан келтирилган замонавий жиҳозлар асосида бунёд этилган. Иссиқхонадаги ҳарорат, ўсимликнинг сув ва озуқага талаби чуқур таҳлил орқали аниқланиб, жамланган хулосалар асосида миқдор ҳамда меъёр тажрибали агроном томонидан белгиланади. Турли минераллар билан бойитилган сув томчилатиш усулида ўсимлик илдизига етказилади.

10.JPG

Айни кунларда бу ерда етиштирилган бодринг ва помидор бозорга пешма-пеш чиқарилмоқда. Иссиқхонада 15 кишининг доимий бандлиги таъминланган. Шунингдек, фермер хўжалиги 3,5 гектар майдонда интенсив боғ ташкил қилган.

Бугунги кунда вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам тадбиркорлиги билан бозорларимиз тўкинлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган миришкорлар сафи тобора кенгаймоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимизда ташаббускор инсонларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор самарасидир.

19.JPG

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат) ЎзА
12 231