ЎзА Ўзбек

14.08.2019 13:55 Чоп этиш версияси

Фермер аёлларга кам фоизли кредитлар берилиши мумкин?

Фермер аёлларга кам фоизли кредитлар берилиши мумкин?

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг (JICA) Sanyu Consultans лойиҳаси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

– Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги мамлакатимизда иқтисодиётни модернизация қилиш ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлашга қаратилган лойиҳа ва дастурларни рўёбга чиқариб келмоқда, – дейди жамғарма ижрочи директори Тўлқин Сатторов. –Ҳозирга қадар қишлоқ хўжалиги соҳасида улар билан бир қатор ҳамкорлик ишларини бажарганмиз. Айни вақтда хотин-қиз фермерлар ва томорқа эгаларини ўқитиш, уларнинг касб маҳоратини ошириш борасида ҳамкорлик қилмоқчимиз.

– Ўзбекистонда хотин-қизларга эътибор ниҳоятда катта, – дейди Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг (JICA) Sanyu Consultans лойиҳаси вакили Рие Китао. – Қай бир соҳага қарамайлик уларда, албатта, аёлларимизнинг фаоллигига, жонбозлик билан меҳнат қилаётганига амин бўласиз. Биз уларни янада қўллаб-қувватлаш орқали, чекка қишлоқларда фаолият юритаётган фермер аёлларга амалий ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилмоқчимиз.

Учрашувда япониялик вакиллар Ўзбекистонда қатор лойиҳаларни, хусусан иқтисодиёт ва аграр тармоқ учун турли сармоя ва грантлар ажратиш нияти борлигини маълум қилди. Бунда фермерларни ўқитиш, малакасини ошириш, лизингга техника олишини қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилади. Шунингдек, аграр соҳа вакиллари билимларини ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш мақсадида 100-200 миллион доллар миқдорида кичик фоизларда инвестиция ажратилишини маълум қилди.

ЎзА
1 507