Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.02.2018 16:13 Чоп этиш версияси

"Файзобод ГАИ"си "ужас"...ми?

"Файзобод ГАИ"си "ужас"...ми?
Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ Имтиҳон олиш ва қайд қилиш бўлими пойтахтликлар орасида "Файзобод ГАИ"си номи билан ҳам машҳур. Ижтимоий тармоқларда бу масканнинг аҳолига кўрсатаётган хизмати ҳақида аччиқ-ширин гаплар бўлиб туради. 

Яқинда интернет фойдаланувчиларидан баъзилари ўзлари гувоҳ бўлган воқеаларга асосланиб, "Файзобод ГАИ" ҳақида шундай ёзишди ҳам:

"Бугун мен Файзободдаги ГАИга номер (рақам) алмаштиргани борган эдим. Юрлицо (юридик шахс) учун ажратилган 4 та окошка (дарча)дан биттаси ишлади. Обед (туш вақти)дан кейин 2 та бўлди.... Зал тўла одам, очеред (навбат)... 4.30 (вақт 16.30)да зўрға ишим битди..."

"Файзобод ГАИ"да очеред (навбат)га қараб бўлмайди, ҳалиям эски тос, эски ҳаммом, парковка(автомобилларни қўйиш жойи)си йўқ, ужас (даҳшат)..."

Хуллас, баъзи юртдошларимизнинг шу каби "эътироф"ларига сазовор бўлаётган "Файзобод ГАИ"сига йўл олдик. "Эски тос, эски ҳаммом, парковкаси ҳам йўқ, ужас"ни ўрганмоқчи, вазиятни таҳлил қилмоқчи эдик.

Соат 9.10.Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ Имтиҳон олиш ва қайд қилиш бўлимидамиз. Аввало, маскан ҳовлисида автомобиллар тураргоҳи борлигига кўзимиз тушди. Жарималар ва бошқа тўловларни тўлашга мўлжалланган 2 та касса ҳам очиқ. Уларда уч-тўрт киши навбатга турибди, холос. Холосни тилга олганимизга ҳайрон бўлманг, чунки бунақа жойга одамлар саҳар бўлмасдан келиб навбат олишлари ҳақида узун-қулоқ гапларни эшитган эдикда.

Бино ичида ҳам аҳвол шу экан. Ҳайдовчилик гувоҳномаси учун суратга тушириш хонаси эшиги олдида навбат кутиб турган 3-4 кишини ҳисобга олмаганда аксарият хизмат кўрсатиш хоналарининг олдида ҳеч ким йўқ. Юридик, жисмоний шахсларга тегишли автомобилларни рўйхатга олувчи дарчалари бор зал эса ҳувиллаб турибди. Ходимлар 4 та дарчадан хизмат кўрсатишга муштоқ турибдию, мурожаат қилувчидан дарак йўқ. Шеригим билан кутишга қарор қилдик, зора кимдир келса деб. Соат 10.12 да бўлимнинг "жисмоний шахсларга тегишли автомобилларни рўйхатга олиш" дарчасига икки йигит яқинлашди. Улар ҳам ишини тез битириб, кетишди...
4.JPG

Ахир, "Файзобод ГАИ"си кунни-тунга улайдиган навбатлари билан машҳур эдику, нима унга кўз тегдими, деб берган ҳазил саволимизга исм-шарифини ёзмаслигимизни сўраган ходимлардан бири шундай жавоб берди:

– Дам олиш кунларида машина олди-сотдиси кўп бўлади. Душанба кунида эса биз фуқароларни қабул қилмаймиз, яъни шу куни ишламаймиз. Шу боис ҳафтанинг иккинчи ва учинчи кунида мурожаат қилувчилар кўп бўлади. Қолган кунларда эса аҳвол худди бугундай...
3.JPG
Ҳозирча ўша ходимнинг гапи ва ўз кўзимизга ишонгандаймиз. Чунки "Файзобод ГАИ"сининг сешанба-чоршанбадаги аҳволига ҳали гувоҳ бўлмадик. Сизчи, йўл ҳаракати хавфсизилигини таъминлашдан тортиб ҳайдовчиларни имтиҳон қилиш, автомашиналарни рўйхатга олиш ва яна кўплаб хизматлар зиммасида бўлган ЙҲХБлар ҳақида қандай фикрдасиз?

Мавзуга яна қайтамиз.

Малоҳат Ҳусанова, Муҳаммад Амин (сурат) ЎзА
13 538