ЎзА Ўзбек

16.05.2019 17:54 Чоп этиш версияси

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги профилактик ишларни амалга оширмоқда

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги профилактик ишларни амалга оширмоқда

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан Миллий матбуот марказида сел ва тошқин ҳолатлари билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларнинг оқибатларини бартараф этишга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази мутахассислари иштирок этди.

Вазирликнинг Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Дадахоновнинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг қатор ҳудудлари географик-геологик ҳолати ва ўзига хос иқлими селлар, қор кўчкилари, тошқинлар билан боғлиқ табиий офатларнинг юзага келишига сабаб бўлади. Мазкур табиий ҳодисаларни бутунлай бартараф этишнинг имкони йўқ, бироқ уларнинг оқибатларини юмшатиш мумкин. Шу боис вазирлик томонидан турли манфаатдор ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда ҳар йили селлар, қор кўчкилари, тошқинлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, улар оқибатларини бартараф этиш бўйича асосий чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади. Мазкур йўналишлар бўйича ишлар алоҳида ташкилотлар зиммасига юклатилган.

Масалан, баҳор-ёз мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида 2019 йилда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, 
Гидрометеорология хизмати маркази мутахассислари томонидан мамлакатимизнинг сел ва тошқин юзага келиши эҳтимоли юқори бўлган ҳудудларида текширув ўтказилди. Тахминий маълумотларга кўра, 88 хўжалик хавфли ҳудудларда жойлашгани аниқланган. Шундан 74таси ўпиришлардан жабр кўриши мумкин. Хавфли ҳудудлардаги энг кўп хўжалик Сурхондарё вилоятига тўғри келади.

Бу ердаги аҳолини хавфсиз жойларга босқичма-босқич эвакуация қилиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинди. Фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишда давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларнинг ўзаро самарали ҳамкорлик қилишини яхшилаш ишлари амалга оширилди. Бундан ташқари, тошқиндан олдинги даврда мамлакатимиздаги барча гидротехника иншоотлари – кўприклар, қирғоқлар, дарё ўзанлари ҳолати ўрганилди. Уларда зарур таъмирлаш ва қирғоқларни мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилди.

Роман БОНДАРЧУК, ЎзА
1 798