Фавқулодда вазиятлар болалар тасаввурида
Танловнинг дастлабки босқичида 69 минг ўқувчи иштирок этди. Саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган 36 нафар ўғил-қиз вилоят босқичида куч синашди.
Наманганда “Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ойлиги” доирасида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Фавқулодда вазиятлар – болалар тасаввурида” мавзуида расмлар танлови ўтказилди.

Вилоят халқ таълими ва Фавқулодда вазиятлар бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилган танловда ўқувчиларнинг фавқулодда вазиятлар борасидаги билим ва кўникмаси синовдан ўтказилди.

Танловнинг дастлабки босқичида 69 минг ўқувчи иштирок этди. Саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган 36 нафар ўғил-қиз вилоят босқичида куч синашди.

Косонсой туманидаги 33-умумтаълим мактаби ўқувчиси Умиджон Раҳимжонов ижодий ишидаги ўзига хос ёндашув билан танлов ғолиби бўлди. Наманган туманидаги 8-умумтаълим мактаби ўқувчиси Жавоҳир Абдуғаниев иккинчи ўринни эгаллади. Чуст туманидаги 64-умумтаълим мактаби ўқувчиси Мухлиса Бозорбоева учинчи ўринга сазовор бўлди.
