Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.04.2017 20:50 Чоп этиш версияси

Фарзандингиз тақдирига бефарқ бўлманг

Тошкент иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежида ўқувчилар учун замонавий шароит яратилган. Айниқса, ахборот-ресурс марказида ёшларнинг касб-ҳунарга оид билимини янада бойитиши, маънавиятини юксалтириши учун барча имконият муҳайё. 24 мингга яқин китоб фондига эга кутубхона нафақат дарслик ва ўқув қўлланмалари, балки миллий ва жаҳон адабиётининг намуналари билан таъминланган.

Марказ доимо ўқувчилар билан гавжум. Кимдир компьютер орқали ўзига керакли маълумотлар билан танишаётган бўлса, бошқаси китоб мутолааси билан банд. Марказда «Энг яхши китобхон» танловини ўтказиш мунтазам йўлга қўйилган. Коллежнинг 1 минг 100 ўқувчисидан 90 фоизи кутубхонага аъзо. Бунда ўқувчиларни янги китоблар билан таништириш, турли мавзуларда учрашувлар ташкил этишни канда қилмай келаётган марказ раҳбари Юлдуз Исматованинг хизмати беқиёс.

Ҳа, бугунги ёшларнинг аксарияти илму ҳунар эгаллаш йўлида яратилган имкониятлардан унумли фойдаланаётир. Лекин ажабланарлиси, коллежда ўқувчиларнинг дарсга қатнашиш кўрсаткичи 90 фоиз. 10 фоиз ўқувчи на дарсга келади, на кутубхонага. Демак, юздан зиёд ўқувчи эътибордан четда, нималар билан машғуллиги мавҳум. Ҳали оқ-қоранинг фарқига яхши бормайдиган ўспириннинг назоратсиз қолиши унинг тўғри йўлдан чалғиб кетишига сабаб бўлиши мумкин.

Шу боис коллеждаги давомат масаласи Учтепа тумани ички ишлар бошқармаси вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳининг доимий эътиборида. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий этилган профилактика кунида сурункали дарс қолдираётган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан юзма-юз мулоқотлар ташкил этилмоқда.

Коллежда ташкил этилган вояга етмаганлар билан ишлаш хонасидамиз. Ойлаб дарсга келмаган, фанлардан белгиланган топшириқларни бажармаган ўқувчи қизнинг онаси муҳокамага чақирилгани ўзига маъқул келмаганини хатти-ҳаракатида намоён этиб, на орган ходимларини, на педагогларни назарига илгиси келмасди. Гўё коллеж ёқмагани учун қизини дарсга юборгиси келмаган. Ҳолбуки, мамлакатимизда 12 йиллик мажбурий бепул таълим жорий этилган. Ўқувчи мавжуд тартиб-қоидага бўйсуниши шарт.

Бироқ онанинг ҳоли шу бўлгач, қизидан нимани кутиш мумкин? Шунча одам йиғилиб, унинг келажаги ҳақида қайғураётган бўлса-ю, у айбини тан олиб бўйин эгиш ўрнига бошқаларга «мағрур» боқиши кишини ҳайрон қолдиради. Таассуфки, она ноўрин машмашаси билан қизининг тарбиясини янада барбод этаётганини сезмасди. Қайтага фарзандининг тақдирига, келажагига бефарқ бўлмаган одамлар борлиги уни қувонтирганида, йўл қўйган хатоси учун узр сўрашни билганида, бу боласига яхшигина сабоқ бўлармиди?!

Коллежнинг яна бир ўқувчиси ҳам ўзи хоҳламаган ҳолда ўқишга кирганини, шунинг учун дарсга келишни истамаслигини билдирди. Пойтахтимиздаги нуфузли академик лицейлардан бирига киролмаган бу боланинг биринчи мағлубиятдан таслим бўлгани, илм олишдан кўнгли қолганини қандай изоҳлаш мумкин? Бу ҳам аслида ота-онага бориб тақаладиган қусурлардан бири. Вояга етмаган, ҳали навниҳол боланинг униб-ўсишини таъминлаш, ҳаётда фақат олдинга интилиб, мақсад сари курашишига кўмаклашиш уларнинг вазифаси-ку, ахир!

Учтепа тумани ички ишлар бошқармаси вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи инспекторлари Мукаррам Отабекова ва Шаҳло Абдукаримованинг амалдаги қонунлар, давлатимиз раҳбари қўяётган талаблар асосидаги тушунтиришлари бесамар кетмади. Муҳокамага чақирилган ўқувчилар ҳам, ота-оналар ҳам ўз бурч ва мажбуриятини бажаришга мажбур эканини тан олди. Эътиборлиси, ушбу инспекторлар ва тумандаги ёшлар масалалари билан шуғулланувчи ташкилотлар ходимларининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракати билан кейинги бир ойда 60 ўқувчи дарсга қайтарилган.

Тумандаги 32 умумтаълим мактаби, 8 ўрта махсус, касб-ҳунар таълим масканининг барчасида ана шундай тартибда иш олиб борилаётгани боис давомат кун сайин яхшиланмоқда.

Профилактика куни муносабати билан туман ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги қўриқлаш бўлинмаси томонидан ҳам амалий чора-тадбирлар кўрилди. Айтиш жоизки, соҳага энг илғор замонавий технологиялар жорий этилаётгани иш сифати ва самарадорлиги ошишига, энг муҳими, ўғрилик, талончилик каби жиноятлар кескин камайишига хизмат қилаётир.

Қўриқлаш бўлинмаси техник қўриқлаш пункти томонидан тумандаги 650 дан зиёд объект назоратга олинган. Уларга бегоналарнинг киришга уриниши пунктга сигнал тушишига олиб келади. Бундай ҳолда шу объектга алоқа, қурол-яроғ, автотранспорт воситалари билан таъминланган тезкор гуруҳ дарҳол етиб боради. Замонавий қўриқлаш пункти ишга тушгандан буён ўтган саккиз ойда назоратдаги иншоотларда бирорта нохуш ҳолат қайд этилмаган.

Уйида фоҳишахона ташкил этган, безорилик қилган фуқаролар ўз маҳаллалари аҳли ўртасида муҳокама қилинди. Қорёғди, Журжоний маҳаллаларида бўлган сайёр очиқ суд мажлисларида маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан ишлар кўриб чиқилди.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пайшанба – профилактика куни сифатида белгиланишидан мақсад ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишдир, – дейди Учтепа тумани ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлими бошлиғи Даврон Азизов. – Шу мақсадга қаратилган амалий саъй-ҳаракатлар қисқа фурсатда ўз самарасини кўрсата бошлади. Ўқув муассасаларида давомат яхшиланаётгани, ҳуқуқбузарликлар кескин камайгани шундан далолатдир.

Норгул Абдураимова, ЎзА
2 093






Все о погоде - Pogoda.uz