Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.08.2018 12:45 Чоп этиш версияси

Фарзандингиз назоратингиздами?

Фарзандингиз назоратингиздами?

ЖИНОЯТ ҲАҚИҚАТИ ВА АДОЛАТ

Фарзанднинг хулқ атвори, ахлоқининг қай даражада шаклланиши унинг оиласи, ота-онасига боғлиқ. Оилада назоратсизлик, носоғлом муҳит вужудга келган бўлса, фарзанд тарбиясига путур етиши шубҳасиз.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, аввало, инсон манфаатлари, қолаверса, келажагимиз эгалари – навқирон авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялашга йўналтирилган.

Ёшларнинг замонавий билим чўққиларини эгаллаши, ўз иқтидори ва қобилиятини рўёбга чиқариши учун кенг имкониятлар яратиш баробарида вояга етмаган ёшларимизнинг турли жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этишининг олдини олиш бўйича ҳам тизимли ишлар бажарилмоқда.

Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида ҳам вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунда туман ҳокимлиги, халқ таълими, ички ишлар бўлимлари, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда таълим муассасаларида олиб бораётган учрашувлар муҳим аҳамият касб этаётир.

Туманда ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни фойдали ишларга йўналтириш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жорий йилнинг январь-июль ойларида “Гиёҳвандликка қарши”, “Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш”, “Жаҳолатга қарши маърифат” каби 260 дан зиёд маънавий-маърифий ҳамда профилактик тадбирлар ташкил этилди. Бунинг натижасида дарсга мунтазам равишда қатнашмасдан келаётган 30 нафар вояга етмаган ўқувчи (8 та мактаб, 22 та коллеж-лицей ўқувчилари) мактабга қайтарилди. Давомати паст ёки доимий равишда дарс қолдираётган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарига 70 га яқин ҳужжатлар расмийлаштирилиб, туман ҳокимияти ҳузуридаги Вояга етмаганлар билан ишлаш комиссиясига юборилди. Ҳуқуқбузарлик ва жиноят қилишга мойил бўлган 56 нафар вояга етмаган шахс, 14 нафар ёш ҳамда 16 нафар фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ота-она профилактик ҳисобга олинди.

– Кўпчилик ота-оналар фарзандини моддий таъминлаш билан чегараланиб, тарбияга иккинчи даражали иш сифатида қарамоқда. Натижада ҳаётнинг паст-у баландига тушунмайдиган, ҳали вояга етмаган ўсмир осонгина йўлдан адашиб қолмоқда, – дейди Шайхонтоҳур тумани ички ишлар бўлими бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Дониёр Раҳматов. – Туман миқёсида доимий равишда ўтказилаётган профилактик тадбирларимиз ижобий натижа бермоқда. Жумладан, маҳаллалар, кўчалар фаоллари ва маҳалла нозирлари берган тавсияларга кўра, профилактик ҳисобда турган 50 нафар вояга етмаган шахс тарбияси яхшиланган, 7 нафар фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ота-онанинг турмуш тарзи ижобий томонга ўзгарган. Шу боис улар профилактик ҳисобдан чиқарилди.

Туман ички ишлар бўлими берган маълумотига кўра, ёшлар бандлиги масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 6 ой давомида ёшлар ва вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ҳуқуқбузарлик ва жиноят келиб чиқишини олдини олиш, бандлигини таъминлаш бўйича туман мутасаддилари билан ҳамкорликда 420 нафардан зиёд фуқаро ишга жойлаштирилган, шундан 254 нафарини ёшлар ташкил этади.

Профилактика инспекторлари томонидан вояга етмаганларга таълим-тарбия бериш мажбуриятини бажармаган ота-оналар билан мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилиб, огоҳлантиришлар берилмоқда, уларнинг ҳаракатлари маҳалла фаоллари орасида кенг муҳокама этилмоқда.

– Фарзанд тарбияси, одоб-ахлоқи у вояга етаётган муҳитга кўп жиҳатдан боғлиқ, – дейди тумандаги “Кўкча” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Санжар Каримов. – Шу боис ҳам аждодларимиз бир болага етти маҳалла ота-она, деб бежиз айтишмаган. Тарбия тўғри олиб борилмаган оилада бола худбин бўлиб улғаяди. Унда ҳалол меҳнатга, касб-кор эгаллашга ёки билим олишга бўлган лаёқат аста-секин йўқола боради. Охир-оқибатда бу уни жиноят кўчасига бошлаб боради. Шунинг учун бола тарбиясига совуққонлик билан қараган, фарзандларининг хатти-ҳаракатларига бепарво бўлган ота-оналар билан учрашиб, уларга доимий равишда тушунтиришлар беряпмиз.

Психологларнинг таъкидлашича, ота-оналар ёхуд уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болаларга уларнинг ёши, руҳияти ва дунёқарашидан келиб чиқиб муносабатда бўлмаслик, нотўғри тушунтириш ёки қўпол сўзлар билан онгига таъсир этиш оқибатида бола тарбиясида нуқсон ҳосил бўлади. Натижада ўзи қилаётган ишининг моҳиятини тўлиқ тушуниб етмаган ўсмир турли ҳуқуқбузарлик ёки кичик жиноятларга қўл уради.

Туманда ижтимоий-маънавий муҳити нотинч оилалардаги фарзандлар тарбияси ва манфаатларини муҳофаза қилиш, оиладаги вазиятни барқарорлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан кўзланган мақсад қаровсиз юрган вояга етмаганларни назоратга олиш, уларни фойдали машғулотларга жалб қилишдан иборатдир.

Ёшларнинг мактабдан бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, улар орасида соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни кенг жорий этиш мақсадида спортнинг 20 дан ортиқ тури билан доимий равишда шуғулланиш учун барча шароит яратилган. “Умид ниҳоллари”, “Соғломжон полвонжон”, “Футболимиз келажаги”, “Соғлом фарзанд юрт келажаги” каби спорт мусобақалари жисмоний тарбия ва спорт улар ҳаётининг ажралмас қисмига айланишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Туманда вояга етмаган ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида мактаб, мактабдан ташқари таълим муассасаларида дурадгорлик, кулолчилик, тикувчилик, тўқувчилик, рассомчилик бўйича ўқув курслари йўлга қўйилган. Ёшлар моҳир ҳунармандлардан касб сирларини мунтазам равишда ўрганмоқда.

Даврон Суннатов, ЎзА
4 268