ЎзА Ўзбек

17.01.2020 Чоп этиш версияси

Фарзандингиз бўш вақтини қандай ўтказмоқда?

Фарзандингиз бўш вақтини қандай ўтказмоқда?

Бугунги қайси соҳага эътибор қаратманг, компьютер техникаси, интернет муҳим ўрин тутади. Сир эмаски, халқаро ўргимчак тўри, деб ном олган интернет тез ва арзон ахборот ёки маълумот олиш, етказиш ҳамда қайта ишлашда беқиёс манба саналади. Кундан-кун сафи кенгайиб, фойдаланувчилар сони ортаётган мазкур тизим дунё ҳамжамиятининг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондирмоқда.

Бугун янги ахборотларга қизиқишларнинг ортиб бориши, қолаверса, тараққиётнинг тезлашуви натижасида юқори сифатли мобил телефонлари ҳамда шахсий компьютерларга эга бўлган ёшлар ва шулар қаторида интернет фойдаланувчиларининг сони ҳам кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Ота-оналар фарзандим беками-кўст катта бўлсин, ўртоқларидан ортда қолмасин, интернетдан фойдаланиб уйда ҳам илм олсин, деган мақсадда замонавий компьютер олиб бериб, интернет тармоғига улаб бермоқда. Ундан фойдаланишга барча шароитларни яратиб бермоқда. Оқил фарзандларимиз интернет тизимидан фойдаланишлари давомида интеллектуал салоҳиятларини юксалтириб бормоқда. Аммо гуруч курмаксиз бўлмас деганларидек, айрим ёшларимиз интернетдан оқилона фойдаланаяпти, деб айта олмаймиз. Оддийроқ қилиб тушунтирганда, ёшлар виртуал оламнинг беандиша сайтларига шўнғиб кетмоқда, ижтимоий тармоқларда бўлиб, вақтларини беҳуда сарфламоқда ёки ҳар хил ўйинларнинг таъсирига тушиб қолаётгани ачинарли ҳол.

Жозибали бўлиб кўринган виртуал олам аслида инсоният яратган “улкан машина” ва ҳозирда миллионлаб одамларни ўз комига тортмоқда. Унга тобора бўйсуниб бораётганлар ичида эса ўсмирлар ва болалар жуда кўп. Улар ўзлари билмаган ҳолда ғаразли ниятдаги кимсаларга шерик бўлиб қолиши ҳам мумкин.

Баъзи ота-оналардан фарзандлари компьютер ё планшетлардан бош кўтармаслиги, ҳатто кечалари ҳам телефон билан андармон бўлишлари ҳақидаги фикрларини кўп эшитамиз. Текшириб кўрилганда улар виртуал дунё орқали ижтимоий тармоқларга буткул шўнғиб кетган бўлади. Бу фаоллик баъзи ёшларнинг ахлоқи, маданиятига салбий таъсирни кўрсатмоқда. Шу кетишда сиёсий-ҳуқуқий маданияти тўлиқ шаклланиб улгурмаган ўғил-қизлар турли ғаразли мақсадларда тарқатилаётган ахборот оқими домига тушиб қолиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Шундай экан, ёшларнинг интернет тизимидан олаётган маълумотларининг сифати, моҳияти, салбий ёки ижобий мазмунга эга эканлигини тўлиқ назорат қилиш масаласи ҳозирги кунда ота-оналар, устоз-мураббийлар ва ёшлар тарбиясига мутасадди инсонлар олдида муаммо бўлиб қолмоқда.

Ҳозир техника асри бу воситалардан фойдаланмасликнинг иложи йўқдир, аммо бу воситалардан тўғри фойдаланишни йўлга қўйишни чорасини мунтазам назорат ўрнатилишида, деб ўйлайман. Дейлик, қизингиз ёки ўғлингиз ёнингизда бўлса-да, қўлидаги мобил алоқадан узоқ вақт кўз узмай ўтирибди. Шунда дарров ёнимда ўтирибди-ку, деган фикрни айтишга шошилманг. Уни назоратга олинг. Боланинг бўш вақтини ота-она доимо кузатиб юриши, фойдали юмуш ва вазифалар билан банд қилиб бориши даркор. Тўғри, интернетнинг имкониятлари жуда кенг ундан киши ўзига керакли маълумотларни олиши, бепул таълим олиши, тил ўрганиши, маълум бир касб ёки ҳунар сирларидан ҳам бохабар бўлиши мумкин. Ҳаммаси ундан оқилона фойдалана олишда. Уларни топиш ва болага ўз вақтида таклиф этиш, аввало, ота-онанинг вазифаси.

Азиз ота-оналар, фарзандингизнинг компьютер, интернет, мобил телефонидан фойдаланишини доим назорат қилинг. Унга ўзингиз ўрнак бўлинг. Кун бўйи қўлидан мобил телефонини туширмай ўйин ўйнаган ёки ижтимоий тармоқда фаол бўлган ота-онадан бола яна нимани ўрганиши мумкин?!

Шундай экан, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш жараёнида ҳар бир ўқувчи-ёшлардан ахборот хавфсизлигига тўлақонли равишда риоя қилиши талаб этилади. Уларни ўргатиш, ўқувчилар онгига сингдириш, биз устоз-мураббийлар ҳамда ота-оналарнинг олдимизда турган асосий вазифаларимиздан биридир!

Шуҳрат МАДРИМОВ, методист

1 279
ЎзА