ЎзА Ўзбек

15.02.2020 Чоп этиш версияси

Фарзанд тарбиясида отанинг ўрни қандай?

Фарзанд тарбиясида отанинг ўрни қандай?

Бола тарбиясида отанинг алоҳида ўрни бор. Бироқ, оталарнинг доим иш билан бандлиги, мактабларда ота-оналар йиғилиши бўлиб қолса, фақат оналар бориши сир эмас.

Лекин кўпинча ўқитувчиларнинг болаларнинг дадаларига айтадиган гаплари ҳам бўлади. Уларни мактабга чорлаш учун нима қилиш керак?

Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур тумани 42-А тармоқ мактабида бунинг йўлини топишди. Мактаб психологи ва ёшлар етакчиси “Дадам билан бир кун“ лойиҳасини ишлаб чиқди.

Лойиҳа доирасида бошланғич синф ўқувчилари ҳамда уларнинг оталари мактабга таклиф этилди.

Дадалари билан мактабга келган болажонларнинг кайфиятини сўз билан таърифлаш қийин, албатта. Айтиш мумкинки, нафақат болалар, балки оталар учун ҳам бу кун ўзгача таъсир қилгани уларнинг юз-кўзларида намоён эди.

Оталар ва болалар учун психологик тренинглар, турли ўйинлар, бошқотирмалар, келажакдаги режалардан иборат “Фарзандига меҳрибон ва ғамхўр ота” мавзуида тавсия ва таклифлар намойиш этилди. Отанинг оилада тутган ўрни, фазилати, фарзанд тарбиясидаги иштироки қизғин муҳокама ҳам этилди.

Айтиш керакки, бугунги замонда тирикчилик билан банд бўлган кўпчилик оталарнинг ўз фарзандларининг таълим ва тарбиясига оид ишларда эътиборсизлиги кўзга ташланмоқда. Ушбу тадбирга ҳам айрим оталарнинг келмагани ҳам шуни кўрсатди.

2 773
Муаттар Рўзибоева, ЎзА