ЎзА Ўзбек

01.06.2020 Чоп этиш версияси

Фарзанд табассуми – умр мазмуни

Фарзанд табассуми – умр мазмуни
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни 

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни қачондан буён нишонланаётганини кўпчилик билмаса керак. Унинг тарихи ўтган асрнинг 20 йилларига тўғри келади. 1925 йил Женевада болалар фаровонлигига бағишланган Бутунжаҳон конференциясида қабул қилинган қарорга асосан 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни этиб белгиланди 1950 йилдан эса бу кун дунёда байрам сифатида нишонлана бошланган.

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни бутун дунё болалари учун энг беғубор ва қувончли байрам ҳисобланади. Албатта, бола бу дунё, ҳаёт мазмунининг ажралмас қисмидир. Фарзандларимиз ўз табассумлари орқали инсонлар қалбида ҳаётга, яшашга бўлган қизиқишни уйғотадилар. Кўзларида эзгулик ва меҳр қалқиб турган болажон мусаффо осмонда гўё эркин парвоз этаётган қалдирғоч мисолидир.

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Чиноз тумани Эшонобод қишлоғидаги ногиронлиги мавжуд ва кам таъминланган болажонларга "Bright Future" хайрия фонди томонидан совға-саломлар улашилди. Қишлоқдаги 20-сонли умумтаълим мактабининг 39 нафар, 44-умумтаълим мактабининг эса 21 нафар ўқувчисига ҳам байрам совғалари тақдим этилди.

Вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Озода Парпибоева ҳамда Чиноз тумани ҳокими Акмалхон Мадиевлар иштирок этган учрашувда фарзандларимизга самимий тилаклар билдирилди.

Байрам муносабати билан Ангрен шаҳар ҳокими Шукурулла Маҳмудов 34-махсус мактаб-интернатга карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда ташриф буюрди ва ўғил-қизларни байрам билан қутлади. Ангрен шаҳар ҳокимлиги, Ёшлар иттифоқи шаҳар кенгаши, Халқ таълими бўлими ва «Ёшлар – келажагимиз!» жамғармаси масъуллари иштирок этган учрашувда ўндан ортиқ болажонларга совға-саломлар улашилди. Шунингдек, байрам муносабати билан кўплаб шаҳар ва туманлардаги болажонларга ҳам совғалар топширилди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

2 559
ЎзА