ЎзА Ўзбек

02.09.2018 11:36 Чоп этиш версияси

Фаровон кунлар шукронаси


Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида юз ёшдан ошган бир гуруҳ юртдошларимиз Президентимизнинг фармонига мувофиқ “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Мукофотланганлар орасида Фарғона вилоятининг Учкўприк тумани Сариқўрғон қишлоғида яшовчи Шаҳринса Позилова ҳам бор.

113 ёшни қарши олган Шаҳринса момо умрининг асосий қисмини ҳаётнинг оғир синовлари, уруш машаққатлари, турмуш қийинчиликлари билан кечирганини ўкинч билан сўзласа-да, истиқлол ҳаётига янгича мазмун бахш этганини шукроналик билан тилга олади.

1905 йилда таваллуд топган Шаҳринса аянинг суяги меҳнатда қотган. Далада кетмон чопди, пахта терди, қурт боқди. Фронт ортида эркаклардек шижоат билан ишлади. Уч нафар фарзандини оқ ювиб, оқ таради. Кичик дилбанди Замирахон икки ёшга кирганида турмуш ўртоғидан айрилиб қолган эди. Шу-шу икки ўғил, бир қизига ҳам она, ҳам ота бўлиб, бор меҳрини берди. Қийинчилик келганда сабр, бахт келганда шукур қилди. Мана, бугун онахон 40 дан зиёд невара, чеваралар ардоғида. Саодатманд момо бўлиб, элу юртни дуо қилиб, сокингина ўтирибди. У ҳамиша давлатимиз, маҳалла-куй эътиборида эканлигини яхши ҳис қилади.

Энг улуғ, энг азиз байрам кунларида Шаҳринса момо хонадони ҳар қачонгидан гавжум бўлди. Вилоят ҳокими Ш. Ғаниев Шаҳринса момога давлатимизнинг юксак мукофоти ва эсдалик совғаларини топширди.

Шаҳринса момо ғамхўрлигу бу эътибордан кўнгли яйраб, дуога қўл очар экан энг аввало юртга тинчлик, элга хотиржамлик тилади.

–Ҳамиша мени йўқлаб турадиган давлатимдан айланай, –дейди Ш. Позилова. – Биз кексаларга алоҳида эътибор қаратган Юртбошимгга раҳмат! Вилоят раҳбарининг хонадонимда биринчи бор бўлиши эмас, мана, яна медални кўксимга таққани келди. Бу йўқловлардан, мукофоту совғалардан бошим кўкка етди.

М. Сулаймонов, ЎзА
7 301