ЎзА Ўзбек

12.07.2019 12:53 Чоп этиш версияси

“Фармонда кўплаб имтиёзларнинг бекор қилиниши белгиланган”

“Фармонда кўплаб имтиёзларнинг бекор қилиниши белгиланган”

Солиқ ва ислоҳот 

Жиззахда Президентимизнинг 2019 йил 27 июндаги “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони моҳиятини тарғиб этишга бағишланган ўқув-семинар ўтказилди.

Унда тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари, импорт фаолияти билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари, ҳисобчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўқув-семинарида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев ва соҳа мутахассислари мазкур фармонда белгиланган тартиб-тамойилларни жорий этиш, солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш амалиётини тартибга солиш бўйича иштирокчиларга батафсил тушунча берди.

Ушбу фармонга мувофиқ, 2019 йил 1 августдан бошлаб ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги товарларини ишлаб чиқарувчилар ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтишлари мумкин. Календарь йили давомида хизматларни реализация қилишдан олган тушуми 100 миллион сўмдан ошган, бироқ бир миллиард сўмдан кўп бўлмаган телекоммуникациялар операторлари ва (ёки) провайдерларига воситачилик хизматларини кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар кўрсатилган хизматлар учун ҳақ суммасидан 25 фоиз ставкада ягона солиқ тўловини тўлашга ўтиши белгиланган.

Фармонга мувофиқ асбест, кўмир, ёғоч материаллари, углеводород хомашёси, соя данаги, кунгабоқар ва кунжут уруғлари, мойли хомашё ва шакар хомашёси, қишлоқ хўжалиги техникаси, автотранспорт воситалари, автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, материаллар ва технологик асбоб-ускуналар, юридик шахсларнинг тижорат банкларига жойлаштирган маблағларидан фоиз кўринишида олинган тўлов манбаини фойда солиғидан озод қилиш бўйича имтиёзлар бекор қилинади.

– Мазкур фармонда кўплаб имтиёзларнинг бекор қилиниши белгиланган. – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Абдукарим Эшназаров. – Фармоннинг ҳаётга татбиқ этилиши қўшилган қиймат солиғининг тўлақонли занжирини яратиш ва барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг шароитларни таъминлаш имкониятини беради. Натижада рақобат муҳити янада яхшиланади.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлимининг маълумотида келтирилишича, вилоятда 2019 йилнинг 1 октябридан солиқ режими ўзгарадиган жами 2 минг 420 субъект, шу жумладан, 2 минг 162 та фермер хўжалиги, 204 та импортёр, 54 та автомобилларга ёқилғи қўйиш шохобчаси рўйхати шакллантирилган. Уларга янги солиқ тартибларини қўллашда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ҳар 10 тасига биттадан жами 161 та солиқ ва молия ходимлари бириктирилган.

Тошқул БЕКНАЗАРОВ, ЎзА