ЎзА Ўзбек

24.08.2018 17:36 Чоп этиш версияси

Фармацевтика корхонасида янги цех

Фармацевтика корхонасида янги цех Наманган шаҳридаги “Kamol Med Farm” масъулияти чекланган жамиятида янги ишлаб чиқариш цехи иш бошлади. Бу мустақиллигимизнинг 27 йиллигига муносиб туҳфа бўлди.

“Kamol Med Farm” корхонасида тиббиёт спирти, камфора, меновазин, йод, борат кислотаси, салицил кислотаси каби ўнлаб турдаги спиртли эритмалар ишлаб чиқарилади. Жорий йилнинг 1 август ҳолатига 5 миллиард 652 миллион сўмликдан зиёд ёки 11 миллион 115 минг қадоқдан кўпроқ тиббиёт препаратлари ишлаб чиқарилган. Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ойига ўртача 350-380 миллион сўмни ташкил этмокда.

Янги ишга туширилган цехда Хитойнинг “Zhejiang Jiangnan Pharmaceutical Machinery Co.Ltd” компанияси технологияси асосида йиллик 17,8 миллион қадоқ таблетка, 1,6 миллион қадоқ тиббиёт капсуласи, 4 миллион қадоқ саша-пакет ишлаб чиқариш имконияти яратилди.

6.jpg

Ҳозирда корхонада омепразол, ципрофлаксацин, ацикловир, цинепар, амброксол, персон, эссенсеале форте Н, колдрем каби ўнлаб турдаги таблеткаларнинг намуна партиялари ишлаб чиқарилиб, фармокология рўйхатидан ўтказиш учун топширилган. 2018 йилнинг тўртинчи чорагидан бошлаб камфора мойи, 2019 йилдан эса зайтун, аччиқ бодом, седана мойларини ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Корхона маҳсулотлари шу ернинг ўзида “SHIMADZU Europa GmbH” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган, қиймати 33,9 минг доллар бўлган ускуналар билан жиҳозланган замонавий лабораторияда сифат синовидан ўтказилади.

– Президентимизнинг 2017 йил 7 ноябрдаги “Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳа тараққиётини янги босқичга олиб чиқди, – дейди корхона раҳбари Д.Холмирзаев. – Унда маҳаллий дори воситаларининг халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқарилишини изчил йўлга қўйиш, аҳоли ва соғлиқни сақлаш муассасаларини арзон ҳамда сифатли дори воситалари билан таъминлаш кўзда тутилган. Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва рақобатбардошлигини ошириш учун қулай шароит яратиш мақсадида чет элдан олиб келинаётган хомашё ва ускуналар бож тўловидан озод этилган. Бу эса фаолиятимиз ривожида муҳим аҳамият касб этаётир.

Бу имконият ва имтиёзлардан фойдаланган ҳолда жорий йилнинг тўртинчи чорагидан бошлаб 4 турдаги таблетка, 3 турдаги капсула ҳамда ичиш учун гранулалар ҳамда 4 турдаги биологик фаол қўшимчалар, шу билан бирга “Наманган вилоятининг 2016-2019 йилларда саноат потенциалини ривожлантириш дастури”га асосан мазкур корхонада маҳаллий доривор ўсимликлардан субстанциялар, инъекцион препаратлар, суртма (мазь) ва шамчалар (суппозитория) ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.

10.jpg

Бундан ташқари, корхона маҳаллийлаштириш дастурига киритилган бўлиб, ушбу дастур ижросини таъминлаш мақсадида хориждан тиббиёт пахтаси ва докани оқлаш, бўяш ва тозалаш ускуналари келтирилиб ишга туширилди, Бунга 1 миллион 140 минг доллардан зиёд сармоя йўналтирилди.

Д.Холмирзаевнинг сўзларига кўра, 2019 йилда ишлаб чиқариш ҳажми 2018 йилга нисбатан 4-4,5 баробарга ортиб, 32 қўшимча иш ўрни яратилади. Ҳозирда корхонада 60 нафарга яқин киши меҳнат қилмоқда. Бу ерда ишлаб чиқарилган дори-дармон маҳсулотлари мамлакатимиз истеъмол бозорига етказиб берилмоқда.

Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА
4 697