ЎзА Ўзбек

23.05.2020 Чоп этиш версияси

Фарғоналик талабалар ақлли светофор ихтиро қилди

Фарғоналик талабалар ақлли светофор ихтиро қилди

Фарғона политехника институти талабалари электр энергия тежайдиган ақлли светофорни кашф қилди.

Барчамизга маълумки, фавқулодда ҳолатларда шаҳар марказларида чироқ ўчиб қоладиган бўлса, светофорларсиз тирбандликлар ва ноқулай ҳолатлар юзага келиши мумкин. Мазкур ихтиро эса ана шундай муаммога ечим бўлди.

Мобил, фотоэлектрик автоном светофор шаҳар ва қишлоқларнинг қарама қарши йўналишда транспорт ҳаракати қўйилган йўлларида таъмирлаш ишларини бажариш, махсус тадбирлар ўтказиш, пиёдалар ўтиш хавфсизлигини таъминлаш ва бошқа ишларни бажаришда транспорт ҳаракатини вақтинчалик тартибга солишга мўлжалланган.

Мобил светофор қуёш панели, аккумулятор, оптик светодиодли светофор ва тизимни бошқариш ва назорат қилиш электрон блокларидан иборат. Буларнинг барчаси ҳаракатланувчи аравачага ўрнатилган. Электр энергия манбаи бўлган 50 Вт.ли қуёш фотоэлектрик панели, кучланиш 12В ва ток кучи 70 А/соатли аккумулятор орқали светофорни туну кун бардавом ишлашини таъминлайди. Светофор қизил ва яшил ёнувчи икки секциядан иборат 8 та ёритиш чироқларидан иборат.

Яратилган кўчма светофор қуёш панеллари ёрдамида ўзини ўзи бемалол таъминлай олади. Қуёшсиз ҳолатда ҳам аккумуляторлар орқали 14 соатгача ишлаши мумкин. Конструкциялашда асосий эътибор энергия тежамкор, автоном ишловчи, мобил, яъни бир жойдан бошқа жойга қўшимча харажатсиз кўчириш имкониятини берувчи, иш режими яшил, қизил чироқларни алмашинув интервали тез созланувчи светофор яратишга қаратилган.

–Бизни ташвишга солаётган нарса бу катта йўл ёқасидаги таълим муассасалари олдида светофорнинг йўқлиги, – дейди талаба Дилхуш Абдумуталов. – Катта йўл атрофида жойлашган муассасаларда пиёдаларнинг ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш учун ҳар куни ЙҲХБ инспектори ёки таълим муассасаси ходими навбатчилик қилмоқда. Бизнинг асосий вазифамиз шу вазиятга оптимал ечим топишдан иборат. Яъни биз кашф қилган светофорни олиб юриш ва ҳар куни қайта ўрнатиш мумкин.

Хорижда ишлаб чиқарилаётган светофорларнинг нархи мамлакатимизга олиб келиш харажатлари билан ўртача 1000 АҚШ долларига тўғри келади. Республикамизда эса светофорларга талаб жуда юқори. Масалан, фақат умумтаълим мактаблари учун 10 мингдан ортиқ бундай қурилмаларга эҳтиёж бор. Таклиф этилаётган импорт ўрнини босувчи мобил, фотоэлектрик, автоном светофорни тайёрланиш тан нархи эса хорижда ишлаб чиқарилган светофор нархига нисбатан 55 фоиз арзон. Унинг устига, мамлакатга олиб кириш харажатлари ҳам йўқ. 

3 838
М. Сулаймонов, ЎзА